Кичик Назарбоев ёзган постлар шов-шувларга сабаб бўляпти

Ойсултон Назарбоев

ҚОЗОҒИСТОНнинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоевнинг невараси Ойсултон Назарбаев “Facebook”даги аккаунтида оиласи билан ярашмоқчи эканини таъкидлаб, «Мен одамларни инқилоб ясашга ундамайман», — деб ёзди.

Унинг айтишича, онаси Дариға Назарбоева ва акаси Нурали Алиев Буюк Британияга келиб, у билан юзага келган вазиятни муҳокама қилганлар. Суҳбат давомида Ойсултон муросага борганини ёзган.

«Онам ва акам мен билан музокара ўтказиш учун келдилар! Ва мен мулоқот учун рози бўлдим, бунга пул ёки моддий манфаатдорлик учун эмас, раҳмим келгани учун таклифни қабул қилдим», — деб ёзган жумладан.

Гиёҳвандликка қарамликдан азият чекаётган кичик Назарбоев:
«Мен одамларни инқилоб қилишга чақирмайман, чунки бу жараён қурбонларсиз амалга ошмайди! Мен ҳар бир инсоннинг ҳаёти ўзи учун муҳим, деб ҳисоблайман ва халқим ўртасида адоват солувчига айланишни истамайман! Мен ўзимни оиламдаги ҳам, мамлакат ичкарисидаги муаммоларни ҳал этишга қодир деб ҳисоблайман! Бироқ, булар мени жим туришимни англатмайди ва мен адолат учун охиригача курашаман!» – дея фикрини давом эттирган.

Мамлакат Хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари, Назарбоевлар оиласини яхши биладиган Элнур Мусаевнинг айтишича, Ойсултонни Францияда яшаётган, Назарбоев режимига қарши кураш олиб бораётган қочоқ банкир Мухтор Аблязов йўлдан уряпти.

Қайд этиш керак, Ойсултон кейинги пайтда “Facebook”да жонланиб қолган. У постларидан бирида бошига тушган кўргуликларнинг барчасига онаси Дариға Назарбоев сабабчи эканини ёзса, бошқасида Худо ҳақида кўпроқ ёзган, яна бир чиқишида эса оиласининг коррупция жиноятларини фош этмоқчи эканини маълум қилган.

Назарбоевнинг невараси “Facebook” ижтимоий тармоғи орқали мамлакат аҳолиси билан фаол мулоқотга киришган. Унинг айрим мурожаатлари Қозоғисонда ҳам, ундан ташқарида ҳам анча-мунча шов-шувларга сабаб бўлди. Жумладан, у постларидан бирида ўзини Нурсултон Назарбоевнинг невараси эмас, ўғли эканини маълум қилган. Бундан ташқари, оиласи Россияга газ сотиб миллионлаб доллар ишлаб олаётганини билдирган.