Тиббиёт тизими коррупциядан холи бўладими?

Фото: interpress.uz

МАМЛАКАТИМИЗДА соғлиқни сақлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатишни йўлга қўйишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Маълумотларга кўра, сўнгги уч йилда соҳага оид 170 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилинган. 2019 йилда тиббиёт соҳасига 12,1 триллион сўм ажаратилган. Ажратилаётган маблағлар миқдори йил сайин ортиб боряпти. Масалан, биргина давлат тиббиёт ташкилотлари ва аҳолини дори воситалари, тиббиёт буюмлари билан таъминлашга ўтган йилга нисбатан 1,3 баробар кўп ёки қарийб 1,5 триллион сўм ажратилмоқда.

Шунга яраша натижалар ҳам кўзга ташланяпти. Бироқ соҳа ҳамон коррупция исканжасида қолмоқда. Баъзи шифокорларга токи пора бермагунча беморга қарамаслиги ҳам бор гап. Таъмагирларнинг сони ортиб бораётгани аччиқ ҳақиқат. “Қўлга қараш”, миннатдорчилик сифатида қуруғидан олиш каби иллатлардан айрим шифокорлар воз кечолмаяпти. Хусусан, 2018-2019 йилларда 581 нафар соғлиқни сақлаш ходими турли жиноятлар содир этиб, жавобгарликка тортилган бўлса, улардан 114 нафарининг қилмиши коррупцион жиноят сифатида малакаланган.

Айни пайтда тизимда коррупцияга қарши кураш самарадорлигини ошириш, бу борада манфаатдор идоралар билан ҳамкорликни кучайтириш, жамоатчилик назоратини оширишга алоҳида эътибор қаратиляпти. Бу борада бир қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқилган. Лекин ҳамма гап натижада. Натижа кўринмаса, бу ишлар қуруқ сафсата бўлиб қолаверади.