Туркий давлатларда

Фото: cdn.kimkim.com

ТУРКИЯ. 2019 йилда мамлакатга рекорд даражада сайёҳлар ташриф буюрди. “Daily Sabah” нашрида чоп этилган хабарда бу борадаги кўрсаткич 52 млн дан ошгани қайд этилган. Хусусан, ҳисобот даврида биргина Истанбулнинг ўзига 15 млн, Анталияга 14,6 млн нафар сайёҳ келган. Халқаро сайёҳлик ташкилотининг маълумотига кўра Туркия сайёҳлар энг кўп ташриф буюрадиган дунёдаги олтинчи мамлакат ҳисобланади.

ТУРКМАНИСТОН. Президент Қурбонгули Бердимуҳамедов Лебап вилоятидаги бош жоме масжиднинг тантанали очилиш маросимида иштирок этди. 5 гектар майдонни эгаллаган масжид қурилиши 2015 йилда бошланган. Шарқ меъморчилигининг бетакрор услубида қад ростлаган масжидда эркаклар ва аёллар учун алоҳида намозхона қурилган. Эркаклар учун мўлжалланган жой 3 минг кишига, аёлларники эса 1609 кишига мўлжалланган.

ҚОЗОҒИСТОН. Лондонда Катта Алмати халқа йўли қурилиши лойиҳасининг тақдимоти ўтказилди. Лойиҳа Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Ислом тараққиёт банки маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Қурилиш ишлари нуфузли “Alsim Alarko Sanayi Tesisleri ve Ticaret A. Ş”, “Makyol Inşaat Sanayi Turizm ve Ticaret A”, “Korea Expressway Corporation” ва “SK Engineering & Construction Co. Ltd” компаниялари иштирокидаги Туркия-Корея консорциуми томонидан амалга оширилади. Лойиҳанинг умумий қиймати 580 млн. долларга тенг.

ҚИРҒИЗИСТОН. Миллий статистика қўмитаси мамлакат вазирлик, ташкилот, идораларида коррупция даражасининг янги рейтингини эълон қилди. Бу борада Давлат божхона қўмитаси одатдагидек биринчи ўринга муносиб кўрилган бўлса, унинг ортидан Ички ишлар вазирлиги ва Қурилиш вазирлиги бормоқда.

ОЗАРБАЙЖОН. Давлатга қарашли йирик “SOCAR” компанияси Дубайда бўлиб ўтаётган «Туркманистоннинг нефт ва гази» роуд-шоусида иштирок этмоқда. Шунинг билан бирга, “SOCAR” тадбирнинг асосий ҳомийларидан бири ҳисобланади.

ЎЗБЕКИСТОН. Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Навоий вилояти Кенгаши ташаббуси билан вилоятнинг 8 та туман ва 2 та шаҳридаги 10 гектаргача бўлган ер майдонларида “Келажак боғи” барпо этилмоқда.
Вилоятдаги илк “Келажак боғи“ 20 феврал куни Навоий шаҳридаги “Ёшлик” маҳалласида яратилди.