“Қонли январь”: ғазаб ва нафрат ёди

Тарих ҳар бир миллатнинг шаънига шонли битиклар битиш билан бирга, айримларининг ўтмишида оғир жароҳат ҳам қолдиради.
20 январь – озар миллати ва Озарбайжоннинг тарихида худди шундай битмас жароҳат қолган кун. Бу кунни озар халқи ҳеч қачон унута олмайди. Йиллар давомида ушбу сана Озарбайжон тарихига қонли январь атамаси билан муҳрланган. Ўша мудҳиш воқеага 29 йил тўлди.

Бу кун Озарбайжон президенти Илҳом Алиев ибораси билан айтганда, “Миллатнинг энг катта фожиали, аммо шу билан бирга, Озарбайжон тарихининг энг қаҳрамонона саҳифасидир. Озарбайжон халқи ўзининг иродасини намоён қилган кундир”.
Бундан роппа-роса 29 йил муқаддам, собиқ Иттифоқнинг ҳарбий қўшинлари қуруқликдан ва денгиздан Баку шаҳрининг тинч аҳолисига ҳужум уюштириш орқали, инсониятга қарши тарихда мисли кўрилмаган қонли жиноятни содир этганди. Бу қонли ҳужум оқибатида озарларнинг 133 нафар фарзанди ҳалок бўлган, 744 нафари яраланган, 841 нафари эса ҳибсга олинган. Буларнинг орасида болалар, қариялар ва аёллар ҳам бор эди.  Лекин, бу қаҳрамонларнинг қони бекор тўкилмаган, улар ҳозирги озод, гуллаб-яшнаётган Озарбайжоннинг мустақиллигига асос солишган эди.
Шундан бери 20 январда Озарбайжонда умуммиллий мотам куни нишонланади. Бу кун миллат, халқ ва давлат тарихида мустақиллик, эркинлик ва ҳудудий яхлитлик тимсоли бўлиб қолди.

20 январда Озарбайжондаги барча вазирлик, ташкилот ва муассасалар ходимлари, оддий одамлар Шаҳидлар ҳиёбонига боришади, шаҳарлар, туманлар ва қишлоқларда мотам рамзи сифатида байроқлар туширилади, шаҳидлар эсланадиган маросимлар ўтказилади.

Жаҳон жамоатчилигининг эътиборини бу муаммога жалб қилиш учун Озарбайжоннинг хориждаги элчихоналарида ҳам худди шундай тадбирлар ташкил қилинади. 

20 январь фожиасига сабабчи бўлган шахслар аниқланиб, уларнинг қонли қилмишига давлат даражасида сиёсий-ҳуқуқий баҳо берилган.   

1990 йилнинг 20 январида Озарбайжон пойтахти Бокуга совет армияси жанговар қисмлари киритилди. Ҳарбийлар Арманистон агрессиясига қарши намойишга чиққан минглаб озарбайжонликларни шафқатсиз жазолади.

“1990 йил 20 январь санаси озарбайжон халқи тарихининг энг фожиали, айни чоқда, қаҳрамонлик ва мардлик саҳифалари саналади. Ўйлайманки, биз ўша кунлардан қанча узоқлашсак, унинг озарбайжон халқи тарихидаги аҳамиятини шунча яхши англаймиз”, – деган эди мамлакат миллий етакчиси Ҳайдар Алиев ўз даврида.

2000 йилда мамлакатнинг ўша пайтдаги раҳбари Ҳайдар Алиев фармони билан ҳалок бўлганларнинг барчасига “20 январь шаҳиди” фахрий унвони берилган.

Совет қўшинларининг махсус қисмлари ва ички қўшинларнинг йирик контингентининг Бокуни забт этиши зулм ва мисли кўрилмаган ваҳшийлик сифатида баҳоланади. Ҳалок бўлганлар орасида аёллар, болалар ва қариялар, шунингдек, тез ёрдам хизматчилари ва милиция ходимлари бор эди. Бу билан СССР Конституцияси, Озарбайжон ССР Конституцияси қўпол равишда бузилиб, Озарбайжон Республикасининг суверен ҳуқуқлари топталган эди. Аввалдан ўйланган ва тайёрланилган бу тажовузкорлик акцияси Озарбайжон халқининг демократия ва миллий озодлик йўлида курашини бўғиш, халқни таҳқирлаб, унга маънавий зарба беришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди.

Горбачов ва унинг ҳарбий вазирлари 1990 йил 19 январдан 20 январга ўтар кечаси Бокуга қўшинни киритишга қарор қилдилар. Ярим кечаси фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Лекин шаҳар аҳолиси бундан бехабар эди, чунки 7:30 да телевидение станциясининг энергия блоки портлагач, эфир узилган эди. Бу ҳаракат, эҳтимол, махсус хизмат органлари томонидан уюштирилгандир. Натижада бокуликларнинг аксарияти фавқулотда ҳолат борасида фақат эрталаб 5:30 да Мирза Хазарнинг овози билан “Озодлик” радиосидан ва вертолётлардан отилган варақалардан хабар топганди.

Лекин энди жуда кеч эди. Саҳардан кўп ўтмай аскарлар ва танклар ҳарбий қисмдан чиқиб, шаҳар томон йўл олдилар. Шаҳарга жануб томондан кириб келган қўшинларнинг катта қисми маҳаллий гарнизонлардан эди ва шаҳарга ўт очмай кира олди. Гувоҳларнинг айтишича, Шимолдан кирган қўшинлар шаҳарга шундай бостириб кирганки, худди Боку душман қўлида эди. Танклар йўллардаги автомобилларни ва ҳатто тез ёрдам машиналарини устидан босиб ўтарди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, аскарлар қочган одамларни ўққа тутар, ярадорларни пичоқлар ёки отиб ташлар эди. Тинч аҳоли билан тўла автобусга ўқ ёғдирилди, бир қанча йўловчилар ўлдирилди.

Шу тарзда, собиқ СССР тарихида илк бора Совет Қуролли Кучлари совет шаҳрига – Бокуга ҳарбий ҳужум қилди. Бу ҳам Озарбайжон, ҳам Совет Иттифоқи учун катта фожиа бўлди. Армия бўлмалари жами бир неча соат давомида шаҳарни тўлалигича назорат остига олди ва Москва ҳокимияти барпо этилди. Лекин Москва айнан мана шу 20 январда Озарбайжонни йўқотди.

Кейинчалик суриштирув олиб борган Москвадаги “Шит” (“Қалқон”) номли мустақил ҳарбий гуруҳ шундай хулосага келдики, Совет армияси совет шаҳрининг аҳолисига қарши ҳақиқий уруш олиб борди. Гуруҳ ҳарбий амалиётга шахсан бошчилик қилган мудофаа вазири Дмитрий Язовга қарши жиноят иши очиш талаби билан чиқди. Ўша куни камида 21 аскар вафот этди. Аммо  шу бугунги кунгача бу қандай қилиб юз бергани маълум эмас.

“Шит” ташкилоти экспертларининг ҳисоботида қуйидагилар қайд қилинган:

одамларнинг махсус шафқатсизлик билан ва яқиндан ўққа тутилгани. Ичида йўловчилар, шу жумладан, болалар бўлган 39- рақамли “Икарус” русумли  йўналишли автобуси ўққа тутилган.

Касалхоналарнинг, тез ёрдам машиналарининг ўққа тутилиши. Доктор А.М.Мархевка ўлдирилди.

Ханжар, пичоқ билан қатл ҳодисалари. Ана шундай қурбонлардан бири кўзи ожиз рус миллатига мансуб Б.В.Ефимичевдир.

Бу ҳодиса Озарбайжонда мустақиллик ҳаракатини тезлаштириб юборди ва Совет Иттифоқига жиддий зарба берди. Бутун Боку аҳолиси кечаси қатл қилинганларнинг оммавий дафн маросимига йиғилди. Улар шаҳарнинг тепалик қисмига қурилган Шаҳидлар хиёбонида дафн қилинган илк шаҳидлар бўлди.

Коммунистик партиянинг минглаб аъзолари партия билетларини ёқди, Озарбайжон Олий Совети раиси Элмира Гафарова эса “ҳарбий қотилларнинг” ҳаракатларини қоралади.

Қонли январь ҳодисаларининг акс-садоси бутун ўлкага ёйилди. Ҳарбий ҳаракат Совет Иттифоқини қуршаб олган муаммоларни ҳал қила олмаётган марказнинг заифлигини юзага чиқарди.   

Халқ талаби ва бир гуруҳ депутатлар ташаббуси билан 1990 йил 22 январда чақирилган Озарбайжон ССР Олий Советининг фавқулодда сессиясида республиканинг аксарият сиёсий ва давлат раҳбарлари иштирок этмади. Сессияга республика раҳбарларининг келмаганликлари уларнинг халқ тақдирига бефарқ эканликлари, уюштирилган жиноятда у ёки бу даражада иштирок этганларини кўрсатар эди. Фавқулотда сессия Боку шаҳрида амалга оширилган фожиали ҳодисаларнинг жавобгарлиги учун депутат-тергов комиссияси тузилиши бўйича қарор қабул қилганди. Лекин бу комиссия ҳодисага ҳуқуқий-сиёсий баҳо бериш ўрнига, қурбонлар ва ярадорлар, давлатга ва ижтимоий ташкилотларга, фуқароларга берилган зарар ҳақида маълумотлар йиғиш билан кифояланганди. Комиссия ўз фикрини фожианинг уюштирилишидан икки йил сўнгра – 1992 йилда СССР парчалангач, Озарбайжон Республикаси Олий Советининг Миллий Кенгашига тақдим этди. Миллий Кенгаш эса 20 январь фожиасига ҳуқуқий сиёсий баҳо бериш ўрнига, депутат-тергов комиссиясининг изоҳини етарли деб топиб, уни тасдиқлаш билан кифояланди.

Фақат 1998 йил 31 мартда Озарбайжон Республикаси президенти Ҳайдар Алиев 1990 йил январда Озарбайжон озодлиги йўлида шаҳид бўлганларнинг хотирасини абадийлаштириш мақсади билан “20 январь шаҳиди” фахрий номининг таъсис этилиши ҳақида фармон берди. 2000 йил 17 январда 20 январь ҳодисаларида шаҳид бўлганларнинг, бедарак йўқолганларнинг оилаларига ва ногирон шахсларга бир миллион Озарбайжон манати миқдорида бир марталик ёрдам берилди.  

Ўша кезларда қора январ воқеасини жаҳон матбуоти кенг ёритди. Масалан, 1990 йилнинг 18 февралида “The New York Times” газетаси шундай ёзади: 

“Бокунинг ишғолидан сўнг ўз ерига бутун борлиғи билан боғланган ҳар бир озарбайжоннинг қалбида Москвага ва Михаил Горбачёвга қарши даҳшатли нафрат ҳиссиёти яралганди. Вақти билан рус империясининг мустамлакаси бўлган Озарбайжон энди ўз суверен ва демократик ҳуқуқларини барпо этмоқда. Ўз озодлик ва мустақиллиги йўлида кураш олиб бормоқда. Энди оддий сотувчидан тортиб ҳокимият намояндаларигача катта-кичик инсонларнинг бари тушуниб етдики, Москва ўз ҳуқуқларининг барпоси йўлида бош кўтарган миллатни бостириш учун Бокуга қўшин юбориб, гуноҳсиз инсонларнинг қонини тўкди”.     

Буюк Британиянинг  “The Times” газетаси:

“Озарбайжондаги ҳарбий амалиётдан 10 кун ўтиб Совет раҳбарияти орасида жиддий ихтилоф борлиги юзага чиқди, бу эса Совет Иттифоқининг тамал устунларининг мўртлашиши демакдир”.

1990 йил 22 январда “Гардиан” газетаси ёзади:           

“Бу даҳшатли ҳарбий амалиётни 70 йиллик империя асоратидан қутулиш учун бош кўтарган озарбайжон халқининг жўшқин кураш азми империянинг қалбида яратган қўрқув хавфи натижаси сифатида ҳам изоҳ қилиш мумкин. Армиянинг шаҳарга ҳужуми вақти гуноҳсиз инсонларнинг ваҳшийларча отиб ташланиши, танкларнинг одамларни ўз ғилдираги остида эзиб ўтиши, қишнинг совуқ, қаҳратон кечасида гулхан атрофида исинаётган тинч аҳолининг устига бостириб бориб, жасадларини таниб бўлмайдиган ҳолга солиши бутун дунё жамияти томонидан нафрат ва ғазаб билан қаршиланиши лозим».

2014 йилда Туркиянинг Миллатчи ҳаракат партиясининг иғдирлик депутати Синан Оған қайд қилишича, “20 январда Озарбайжон туркларининг мустақиллигининг илк машъали ёндирилди”.

Дарҳақиқат, Бокудаги қонли январь ҳодисалари нафақат Озарбайжоннинг, балки собиқ Совет республикаларининг мустақиллик интилишларини илҳомлантирди. 

                                    Файзулло Абдулбоқиев