Эрталабки қаҳвадан олма фойдали экан

Фото: insider.com

АЙРИМЛАР бардам ва тетик бўлиш учун эрталабдан қаҳва ичишга одатланган. Мутахассислар эса уйқудан тургач, қаҳва ўрнига олма истеъмол қилиш организмга кўпроқ фойда келтиришини таъкидлашади. Хусусан, Корнелл университети (АҚШ) олимлари шундай фикрда.

Эрталаб қаҳва ичишга сабаб сифатида бу ичимлик уйқусирашдан қутулишга ёрдам бериши кўрсатилади. Бу қандай юз беради? Уйқу вақтида артериал қон босими пасаяди, чашкадаги 100 миллиграм қаҳва эса марказий асаб тизимига таъсир кўрсатади ва бунда қон босими кўтарилиб, нафас олиш тезлашади. Бу эса ўз навбатида киши ўзини нисбатан бардам тутишини таъминлайди. Бироқ кўп миқдорда қаҳва ичиш акс таъсир кўрсатиши ҳам мумкин.

Шу боисдан олимлар, эрталаб қаҳва ичиш ўрнига олма истеъмол қилишни тавсия этмоқда. Тажрибаларда бир дона олмани истеъмол қилиш организмга қаҳвага нисбатан кўпроқ қувват ва тетиклик бахш этиши маълум бўлган. Шу ўринда инглизларнинг эрталаб бир дона олма е ва касалликни кўчага ҳайда, деган қадим мақоли бекорга пайдо бўлмаганига амин бўлиш мумкин.

Корнел университет олимлари ўтказган тадқиқотларда олма таркибида кўплаб озиқа тўқималари, фруктозалар, дармондорилар ва антиоксидантлар борлиги аниқланган. Бундай бой тўплам организмга албатта, қаҳвадан кўра кўпроқ фойда келтиради. Олма таркибида кофеин бўлмасада ўртача 13-19 грамм табиий шакар бўлади. У организмга тезроқ сингади ва қон босими кўтарилади, мия фаолияти фаоллашади.

Ҳар куни қаҳва ичиш тишнинг эмал қатламига салбий таъсир кўрсатиши фанда исботланган. Қолаверса, қаҳванинг таъсирида тиш сарғайиб, хиралашса, олма еганда бунинг акси бўлади, яъни тишларингизни табиий тозалаш воситасига эга бўлишингиз мумкин.

Шуни ҳам унутмаслик керакки, қаҳва турган битгани зарар, деб ўйламаслик керак. Унинг ҳам ўзига яраша фойдали жиҳатлари мутахассислар томонидан исботланган. Хусусан, қаҳва ичишга одатланган одамлар юрак ва Паркинсон касалликларига камроқ чалинаркан.