Нега нефтга бой Венесуэла қашшоқлик қаърида?

Венесуэланинг ҳозирги аҳволини кузатаётган экспертлар уни ўрта асрлар қаърига тушиб қолган давлат сифатида таърифламоқда. Чунки мамлакат иқтисодиёти буткул издан чиқди, озиқ-овқат тақчиллиги юзага келди. Миллионлаб одамлар қийинчилик ва очарчиликдан хорижга интилмоқда. Лотин Америкаси бундай тангликни ўзининг бутун замонавий тарихида кўрмаган. Асосийси, бу уруш ёки табиий офат асоратида келиб чиққани йўқ.

Сўнгги 20 йилдан бери Уго Чавес ва Николас Мадуранинг сиёсати сабаб бўлди бу беқарорликка. Улар жаҳон социалистик инқилоби ва Америка империалистлари устидан ғалаба шиорлари остида ресурслар ва бой одамларга тўла мамлакатни касодга учратди. Чавес ўлиб қутулди, бироқ Мадуро бу ишнинг давомчиси сифатида иккинчи олти йиллик муддатга президент лавозимини ижро этишга киришди.

Ҳар иккала президент орқа олдига қарамай муттасил пул босиш билан, мулкларни тортиб олиш, нархларни назорат қилиш ва хорижда юз миллиардлаб долларни сақлаш билан машғул бўлди. Улар нефтдан келадиган барча даромадларни еб битириб айбни АҚШ маъмурларига ағдаришга уринди. Бир сўз билан айтганда, нефт саноати вайрон бўлди, дўконлар пештахталари бўшаб қолди, инфляция миллионлаб фоизларга ошди, маҳаллий валюта тўлалигича қадрсизланиб бўлди. 

Бу ҳам етмаганидек, ҳур фикрловчилар ва эркин матбуот бўғилди, норозилик чиқишлари шафқатсизларча бостирилди. Мадуро 2017 йилда ўзига чўнтак парламентни сайлаб деярли мухолифатни йўқ қилди. Ўтган йилнинг май ойида мухолифат бойкот қилган президентлик сайловини ютди, Ғарб ва Лотин Америкасининг етакчи давлатлари сайловни иккиюзламачилик деб атади. 

Хорижий ҳукуматларнинг аксарияти 56 ёшли Мадуранинг инаугурациясини рад этди. 20 га яқин мамлакатлар, Хитой, Туркия, Эрон ва Россия каби давлатлар ўз вакилларини жўнатди, холос. Социалистик Венесуэлани қўллаб-қувватлаётган Кремл у ерга ўз тажрибаси билан ўртоқлашиш учун аввалига иқтисодий маслаҳатчиларини, сўнгра Ту-160 стратегик бомбардимончи самолётини жўнатди. 

Очиғини айтганда, бугунга келиб қашшоқ, авторитар ва яхшигина қуролланган Венесуэла қўшнилари учун бош оғриқ. Мадуронинг иккинчи муддати ҳам ташқи сиёсатда мамлакат учун катта муаммо туғдирадиган кўринади, негаки, миллионлаб қочоқлар ва муҳожирлар туфайли инқироз мамлакат ташқарисига чиқиб улгурди. Минтақадаги вазият тобора кескинлашаяпти: Лотин Америкаси мамлакатлари ҳануз қочоқ венесуэлаликлар учун эшикларини очиқ қолдиришаётганди, бироқ кўнгил бўшлиги уларга ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий жиҳатдан қиммат тушаётгани аниқ,  чунки ҳамма ҳам хорижликлар оқимидан ва уларни боқишга сарфланаётган харажатлардан мамнун эмас. 

Қўшни мамлакатлар расмий маълумотларига қараганда, Венесуэладан 3 миллиондан зиёд киши қочиб улгурган, аммо БМТ реал рақамлар юқори эканлигини айтмоқда. Ҳар ҳолда ҳамма ҳам рўйхатдан ўтмаяпти. Энг ёмони оқим кучайган – кунига камида 5 минг киши чегара ортига, асосан Колумбия, Эквадор ва Перуга пиёда йўл олмоқда. Кўпчилик минтақанинг испан тилида сўзлашувчи мамлакатларидан қўним топаётгани бор гап, лекин айримлар уммон орқали Испанияга кетишга ҳаракат қилмоқда. Турли маълумотларга қараганда, у ерга 250 минг атрофидаги венесуэлалик жўнаб кетган. Уларнинг кўпчилиги испанларнинг авлодлари. Ёши бир жойга бориб қолган кўпчилик қочоқлар 1950 йилларда Испаниядаги қашшоқлик ва франкочиларнинг қатағонидан қочиб Венесуэлада ўрнашиб қолишган. Энди айни сабабга кўра улар яна ватанларига қайтишга тўғри келаяпти. Бугун испанлар ҳам қочоқларга сахийлик кўрсатадиган даражада эмас. Ўтган йилнинг ўзида қочоқлик мақоми берилишини сўраб қилинган мурожаатларнинг атиги 15 таси қаноатлантирилган, холос. 

«Бу одамлар табиий офат ва урушдан қочаётгани йўқ, – дейди Каракасдаги Симон Боливар университети ўқитувчиси Клаудия Варгас Рибас. – Унутмаслик керакки, минтақанинг барча мамлакатлари – ривожланаётган давлатлар. Бу қадар катта сондаги одамларнинг оқими улардаги ички сиёсий вазиятни мураккаблаштиради».

Атлантика океаннинг бу тарафидаги муҳожирлик инқирози 2015 йилги Европадаги мигрантлар танглигини аллақачон ортда қолдирди. Ўшанда Европа 1 миллиондан зиёд кишини қабул қилган. Охирги икки-уч йил ичида Венесуэла қочоқлар ва муҳожирлар жаҳон армиясини шу қадар кўпайтириб юбордики, уруш туфайли вайрон бўлган Афғонистон ёки Судан бунинг олдида ҳолва бўлиб қолади. 32 миллионли мамлакат камида ҳар ўн нафар фуқаросининг биридан маҳрум бўлди, хорижга кетганлар сони Грузия ёки Молдова аҳолисининг сонига тенг, бу кетишда Болтиқбўйидаги учта давлатнинг аҳолисига тенглашиб қолади. Венесуэла расмийлари бу маълумотларга қўшилмайди. Ўтган йили Мадуро эмиграциянинг реал кўрсаткичи БМТ маълумотидан тўрт маротаба камлигини иддао қилди. Вице-президент Делси Родригес эса ушбу рақамлар қуролли босқин учун баҳона қидираётган “душман давлатлар” уйдирмаси эканлигини таъкидлайди. 

Венесуэла иқтисодиёти мана олтинчи йилдирки, кетма-кет иқтисодий тушкунликни бошдан ўтказаяпти, боши берк кўчадан чиқишга бўлган орзу-умидлар эса сўниб бўлди. Мамлакат олдида 100 миллиард доллардан зиёдроқ ташқи қарзларини қайтариш муаммоси кўндаланг,  валютанинг ягона манбаи ва оддийгина турмуш тарзини сақлаб қолиш воситаси – нефт экспорти қазиб чиқариш ортидан қисқариб бормоқда. Ўтган йили Венесуэла 1 миллиондан зиёд инфляцияси билан 1920 йиллардаги Веймар республикаси ва 2000 йиллардаги Зимбабве билан бир қаторда тарихдан ўрин эгаллади. Ваҳоланки, 2018 йилнинг июлида Халқаро валюта жамғармаси иқтисодий фаолликнинг қулаши, гиперинфляция, базавий хизматлар, тиббий хизмат, энергия таъминоти, сув таъминоти, транспорт, жамоат тартиби билан боғлиқ вазият кескинлашишидан огоҳлантирганди, имтиёзли нархлардаги озиқ-овқат тақчиллиги кенг миёсли миграцияга олиб келиши айтилганди, энди бу қўшни мамлакатларга ҳам муаммо туғдирмай қолмайди.  Тахминлар ўзини оқлади, миграциянинг кучайиши туфайли бутун минтақа иқтисодиёти хавф остида қолди, деб хабар берди Жаҳон банки. Банк баҳолашича, яқин йилларда инқироз қўшни Колумбияга ялпи ички маҳсулотининг 0,2-0,4 фоизини йўққа чиқаради. Бироқ ўрта ва узоқ муддатли истиқболда Колумбияга муҳожирлар оқимининг келиши ишчи кучининг кўпайиши, истеъмол ва инвестициялар кўпайиши ҳисобига иқтисодиётни жонлантириб юбориши мумкин.  

Венесуэла иқтисодиёти келажаги мавҳум бўлиб қолаверади, деб ҳисоблайди АҚШда жойлашган Жаҳон банки. Мадуро эса ноанъанавий амалиётлар – боливарни савдо қилинмайдиган критовалютага боғлашдан тортиб, марказий банк заҳираларини нефт билан тўлдиришгача бўлган усулларни ишга солмоқда. 2018 йилнинг ёзида у эски пуллар ўрнига янгисини муомалага чиқарди. Бунинг ортидан  Мадуро деноминация ўтказди –  миллий пул бирлиги боливардан бешта нол олиб ташланди.

Бу ҳам иш бермади, дейди иқтисодчилар, улар мамлакат иқтисодиёти аҳволини инқироз ёки тушкунлик эмас, балки ҳалокат сифатида таърифлаётганларини таъкидламоқ жоиз. Венесуэла иқтисодиёти қулаши чуқурлашди, ҳатто яқинда ўтказилган валюта деноминацияси давом этаётган гиперинфляцияга қандайдир сезиларли таъсир кўрсатганининг аломатлари ҳам йўқ, деб хулоса ясайди Жаҳон банки. 

Эътибор қилайлик, Венесуэла – жаҳондаги энг нефтга бой мамлакат. Унинг мавжуд заҳиралари 300 миллиард баррелдан ошади. Бу 266 миллиард барреллик нефти бўлган Саудия Арабистонидан кўпроқ, Ироқ ёки Эрондан икки марта юқори нефт бойлигига эгалик демакдир. Нефт Чавеснинг империалистларга қарши курашидаги бош манба эди. Мадуро ҳам унинг ишининг давомчиси. Бироқ бу йўлда улар хорижий нефт компанияларидан барча нарсани тортиб олишди, ўз давлат компаниясини эса коррупция ва нопрофессионаллик туфайли барбод қилишди. Уго Чавес ҳокимиятга келган асрлар алмашинуви чегарасида мамлакат кунига 3, 5 миллион баррел нефт қазиб чиқарган. 2017 йилда ишлаб чиқариш 2 миллион баррелгача, 2018 йилнинг кузига келиб 1, 5 миллион баррелгача, янги йилда эса 1, 2 миллионга тушиб кетди. 

Энди эса қашшоқлик баҳона бугун Лотин Америкаси катта ўйинларга мезбонлик қиладиганга ўхшайди. Колумбияда ўнг кучлар вакили Иван Дуканинг президент этиб сайланиши ва Бразилияда Болсонарунинг президент лавозимига киришиши қитъадаги мафкуравий кучлар мувозанатининг ўзгаришига ва Венесуэлага босимнинг кучайишига олиб келди.  Тобора кўпроқ қамалга дучор бўлаётган Николас Мадуро ҳукумати ўта қийин вазиятда қолди, чунки “Лима гуруҳи”даги 14 давлатнинг 13 таси унинг янги муддатга президент этиб сайланганини тан олишдан бош тортди. 

Боз устига Бразилия янги раҳбариятининг мамлакатда АҚШ ҳарбий базаларини очиш таклифи билан чиқиши минтақадаги ўйинни қизитиб юборди. Венесуэланинг Россия билан ҳарбий алоқаларининг кенгайиши, қўшма ҳарбий машқларини ўтказиши Венесуэла билан чегардош Бразилиянинг ғашига теккан кўринади. Вашинготон билан янгича муносабатлар ўрнатишга уринаётган  Жаир Болсонару бундан ташқари, мамлакатнинг Исроилдаги элчихонасини Тел-Авивдан Қуддусга кўчириш ниятини ҳамда бразилияликларга суд рухсатисиз ўт очиш қуроллари олиб юришга рухсат берувчи фармонни эълон қилиш нияти ҳақида маълум қилди. АҚШ Давлат котиби Майк Помпео билан учрашуви чоғида АҚШ ва Бразилиянинг иқтисодиёт ва хавфсизлик соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлапш, Куба ва Венесуэла каби авторитар режимларга қарши кураш мажбуриятини ўз зиммасига олди. 1999 йил Чавес ҳокимиятга келганидан бери Венесуэлани қутқариш йўлида АҚШ ёки бошқа мамлакат ҳарбий аралашуви масаласи кенг муҳокамада, аммо яқин пайтлардан бери бу ҳайқириқ янги куч билан янграй бошлади.

Таҳлилчилар фикрича, Венесуэлага ҳеч ким ҳарбий интервенция бошлашга ботинолмайди. Каракаснинг Хитой ва Россия каби дўстона мамлакатларнинг ҳарбий ва гуманитар ёрдамидан баҳраманд бўлаётгани, ҳокимиятдаги бошқарув тизимининг жипслиги бунга монелик қилади. Боз устига Россиянинг бу мамлакатдаги нефт ва тилла активларини гуманитар ёрдам эвазига сотиб олаётгани ҳозирги режимнинг умри узайишидан манфаатдорлигини кўрсатади.   

АҚШ ҳарбий базаларига келадиган бўлсак, ХХ асрдан эътиборан коррупция ва юқори жиноий вазият, муҳожирлик, бутун Америка қитъасидаги беқарорликни сабаб қилиб кўрсатган АҚШ Боливия, Эквадор ва Венесуэладан бошқа Лотин Америкаси ва Кариб денгизи ҳавзасининг барча мамлакатларида ўз ҳарбий базаларини очган.  

Демак, Венесуэладаги воқеалар ривожини йирик геосиёсий марказларнинг дунёнинг улкан ерости ва ерусти бойликлари учун курашининг бир қисми деб баҳолаш мумкин. 

                                         Файзулло АБДУЛБОҚИЕВ