Жиззахлик ишбилармонлар Нормандияда

Жиззах вилояти ҳокими ўринбосари Азим Аҳмедхўжаев бошчилигидаги вилоят делегацияси Франциянинг Урн департаментининг Флер шаҳрига ташриф буюрди. Мазкур тадбир Урн департаментидан сайланган сенатор ва Сенатнинг Франция-Марказий Осиё гуруҳи раиси Натали Гуле ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Франциядаги элчихонаси ташаббуси билан ташкил этилди.

18 январь куни ташриф доирасида Флер шаҳридаги Нормандия савдо-саноат палатасида парламент аъзолари, депутатлар, бизнес доираси вакиллари ҳамда Нормандия оммавий ахборот воситалари иштирокида бизнес форум ташкил этилди. Анжуманда Франциянинг “Abbaye”, “Gilot”, “Kiplay” ҳамда “Tertu” компаниялари иштирок этдилар.

Форумда Нормандиянинг қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, сайёҳлик, енгил саноат, қурилиш ва бошқа соҳаларга ихтисослашган компаниялари билан учрашувлар ташкил этилди. Шунингдек, тадбир доирасида Нормандия ва Жиззах вилоятлари ўртасида биринчи ўзаро ҳамкорлик ўрнатилди.

Франциянинг мамлакатимиздаги элчихонасининг хабар беришича, ушбу тадбирдан асосий мақсад жорий йилнинг март ойида Тошкентда ўтказилиши кутилаётган француз иқтисодиёти ҳафталигига тайёргарлик кўришдир. Ҳафталик идоралараро, саноат ва сайёҳлик йўналишларида ҳамкорликни жадаллаштиришга хизмат қилади. Унда Урн департаментининг 20 га яқин компанияси ўз маҳсулотларини намойиш этади.