ВИКТОР ЯНУКОВИЧ 13 ЙИЛГА ОЗОДЛИКДАН МАҲРУМ ҚИЛИНДИ

Бу ҳақда TNEWS.UZ интернет нашри хабар тарқатди. Киевдаги Оболонский туман суди мамлакатнинг собиқ президенти Виктор Януковични 13 йил муддатга озодликдан маҳрум қилди. У давлатга хиёнат қилиш ва «Россия томонидан Украинага қарши тажжавузкорона уруш» олиб борилишига ёрдам берганликда айбдор деб топилди.

Одамлар ўлимига ва бошқа оқибатларни келтириб чиқаришга сабаб бўлган Украина худудий яхлитлигига тажжавуз борасида қўйилган айб бўйича суд Януковични оқлади.

Януковичнинг ўзи суд мажлисида иштирок этмади. Собиқ президент адвокатининг сўзларига қараганда Виктор Янукович жарроҳлик операциясини бошдан кечирди ва айни дамда реабилитация жараёнини давом эттирмоқда.

Украина Бош прокуратураси Януковични давлатга хиёнат қилишда айбдор деб топилишини талаб қилди ҳамда Украина собиқ президентига 15 йил қамоқ жазоси берилишини сўради.

Собиқ президент оммавий кўча намойишларидан сўнг ҳокимиятдан ағдарилганидан сўнг 2014 йилнинг февралидан бери Россияда истиқомат қилиб келади.