Чилимнинг зарари йўқми?

Фото: shutterstock.com

ЮРТИМИЗДАГИ аксарият қаҳвахона, ресторанларда мижозларга чилим таклиф этилади. Хилма-хил таъмларга эга унинг турлари кўп. Аксарият одамлар чилим чекишнинг зарари йўқ, деб ҳисоблайди. Аслида ундай эмас.

Ҳақиқий чилимнинг тутуни жуда қуюқ бўлади ва табиийки унинг таркибида канцероген моддалар миқдори оддий сигарет тутуниникидан кам бўлмайди. Бу моддалар билан чилим чекмаган бўлсада, ўша хонада бўлганлар ҳам зарарланадилар. Одам чилим тутуни аралашган ҳаводан 3 дақиқа нафас олса бўлди, худди кашандалар каби юқори миқдордаги заҳарни ютади. Одам бир соат чилим чекса, 200 дона сигаретникидан ортиқ тутун чиқаради!

Бундан ташқари, чилим чекканда организмга совуқ тутун киради ва бунинг натижасида нафас йўллари ҳимоя механизмларини ишга туширишга улгуролмайди. Шу тарзда чилим тутуни таркибидаги зарарли моддалар организмга дарҳол таъсир кўрсатади. Аксинча, сигарет тутуни илиқ бўлгани сабабли, организмнинг ҳимоя воситалари дарҳол ишга тушади ва ўзини зарардан ҳимоялашга киришади.

Шундай экан, чилимнинг зарари йўқ, деган асосланмаган қарашларга ишонмаслик лозим.