Юртимизда коронавирус тарқалишининг олдини олишга қаратилган зарур чоралар кўрилмоқда

БУГУН Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов вазиятни назорат қилиш, коронавирус инфекцияси тарқалишининг олдини олиш чора-тадбирларини кучайтириш мақсадида шошилинч йиғилиш ўтказди.

Йиғилишдан сўнг ўтказилган брифингда журналистларга маълум қилинишича, юртимизда Наврўз умумхалқ сайллари ўтказилмайди. Шунингдек, оммавий маросимлар, жумладан, улоқ-кўпкари, кураш ва бошқа одамлар кўп тўпланадиган тадбирлар вақтинча бекор қилинади.

16 мартдан Ўзбекистон ҳудудига кириш ва чиқиш вақтинча тўхтатилади. Фуқароларимизнинг юртимизга олиб келиниши эса давом этади. Барча халқаро автомобил йўллари ёпилади. Ўзбекистон Жанубий Корея билан ҳаво қатновиларига чекловлар қўйилди. Энди ҳафтасига бир марта Ўзбекистон ҳаво кемаси бу мамлакатга фақат юртдошларимизни олиб келиш учун қатнайди. Темир йўллардаги халқаро қатновлар ҳам 3 кун ичида ёпилади.

Президентимизнинг алоҳида кўрсатмасига мувофиқ, коронавируснинг олдини олиш чора-тадбирларига кўмаклашиш мақсадида Эрон Ислом Республикасига инсонпарварлик ёрдамини олиб борган Ўзбекистон делегацияси ушбу давлатда қолиб кетган 14 нафар юк ташувчи ҳайдовчи, шунингдек, тадбиркорлар, талабалар ва бошқа ватандошларимизни ҳам олиб қайтади.

2020 йилнинг 16 март кунидан Ўзбекистон Республикасидаги барча умумтаълим мактаблари ўқувчилари учун таътил эълон қилинди. Бу қарор таълим муассасаларида санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш ҳамда ўқувчи ва ўқитувчиларнинг соғлиғини ҳимоялаш мақсадида қабул қилинган.

Ўқувчилар таътил пайтида билим олишлари учун Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси таркибидаги телеканаллар билан бирга ўқув дастурларида режалаштирилган дарс машғулотларини телевизион эфирга узатиш учун видеодарслар тасвирга олинади ҳамда эфир вақтлари ажратади.

Видеодарслар Халқ таълими вазирлигининг ижтимоий тармоқларидаги каналлар ва расмий веб-сайтларида, электрон ахборот порталлари (onlain maktab) орқали ҳам намойиш этиб борилади.

Карантин вақтида ёлғон ва текширилмаган ҳамда одамларда ваҳима яратадиган хабарлар тарқатадиган шахсларга нисбатан амалдаги қонунчилик доирасида жиноий жавобгарликкача бўлган чоралар кўрилади.

Барча давлат ва нодавлат ташкилотлари томонидан мажлис ҳамда бошқа тадбирлар ўтказиш вақтинчалик тўхтатилади.

Ҳукумат барча диний идораларга диний маросимларни ўтказишни вақтинча чеклаш бўйича мурожаат қилади.