Жаҳон банки қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш учун Ўзбекистонга 500 млн доллар ажратади

ШУ йилнинг 20 март куни Вашингтонда Жаҳон банкининг ижрочи директорлар кенгаши Ўзбекистонга «Қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш» лойиҳасини амалга ошириш учун 500 миллион доллар ажратишни маъқуллади.

Лойиҳани амалга оширишдан мақсад мамлакатимиздаги қишлоқ хўжалиги илмий-тадқиқот институтларини модернизациялаш, амалий тадқиқотлар ўтказиш ва мамлакат қишлоқ хўжалигини янада ривожлантириш учун зарур бўлган илғор ишланмаларни жорий этишга ёрдам беришдир.

Шунингдек, лойиҳа доирасида фермерлар ва қишлоқ хўжалиги корхоналари замонавий агротехнологиялардан фойдаланиш, қишлоқ хўжалиги, агрологик хизматлар ва бизнесни ривожлантириш учун узоқ муддатли кредитлар олиш масалалари бўйича турли маслаҳатлар олади, шунингдек, бизнес маҳсулдорлигини ошириш имкониятига эга бўлади. Бу билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифати ва турлари яхшиланади ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг ички ва ташқи бозорларда иштирокини оширади.