Мамлакатимизда фуқаролик масалаларига оид янги ахборот тизими жорий этилади

Фото: UNDP/Mirfozil Khasanov

ЎЗБЕКИСТОН Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси фуқаролиги масалаларини кўриб чиқишда замонавий ахборот-коммуникация технологияларни татбиқ этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокама учун эълон қилинди.

Унга кўра, 2020 йил 10 сентябрдан Ички ишлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Адлия вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги Ўзбекистон фуқаролиги масалаларига оид маълумотлар базасини ўз ичига олган “E-Fuqaro” идоралараро ахборот тизими жорий этади.

Белгиланишича, “E-Fuqaro” ИАТ орқали:

фуқаролик масалалари бўйича аризаларни қабул қилиш ва уларни кўриб чиқишни амалга ошириш билан боғлиқ тартиб-таомилларни автоматлаштириш;

фуқаролик масалалари бўйича келиб тушган аризаларни идоралараро электрон ҳамкорлик йўли билан манфаатдор вазирлик ва идоралар ўртасида кўриб чиқиш ва тегишли хулосани шакллантириш;

фуқароликка қабул қилиш, уни тиклаш, ундан чиқиш ва уни йўқотиш бўйича ягона маълумотлар базасини шакллантириш амалга оширилади.

Ички ишлар вазирлиги “E-Fuqaro” ИАТнинг балансда сақловчиси ҳисобланади. “E-Fuqaro” ИАТни ишлаб чиқиш, кузатиб бориш, таъминлаш ва такомиллаштириш, шунингдек кейинчалик қўллаб-қувватлаш Ички ишлар вазирлигининг бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан амалга оширилади.

2020 йил 1 сентябрга қадар давлат органлари ва ташкилотларининг реал вақт режимида маълумот алмашинуви президент ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги “Электрон ҳукумат ва рақамли иқтисодиёт лойиҳаларини бошқариш маркази” ДУКнинг идоралараро интеграцион платформаси орқали амалга оширилади.

2021 йил 1 январгача бўлган муддатда – Ўзбекистон ҳудудида фуқаролик масалалари бўйича мурожаатлар Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали, хорижда доимий истиқомат қилаётган шахслар томонидан Ташқи ишлар вазирлиги веб-сайтида жойлаштирилган интерактив консуллик хизмати орқали дастлабки ариза юбориш механизмини шахсан келиб мурожаат қилишни истисно этмаган ҳолда жорий қилинади.