ЮНЕСКО Эрон халқи билан бирдам эканини маълум қилди

ЮНЕСКО институти директори Шероз шаҳар ҳокимига йўллаган мурожаатида Эронда санкцияларга қарамасдан коронавирусга қарши курашиш борасида олиб борилаётган чора-тадбирларни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.

Дэвида Атчоарен Ҳайдар Эскандарпуруга ёзган мактубида коронавирус Эрон халқига жиддий таъсир кўрсатиши мумкинлигидан ташвишда эканини маълум қилган. «ЮНЕСКО институти мана шундай оғир дамларда Шероз ва Эрон халқи билан бирга эканини изҳор этади», – деб таъкидлаган у.

Қайд этиш керак, Эронга нисбатан жорий этилган санкциялар ортида турган АҚШ сиёсатчилари орасида шу кунларда санкция борасида бўлиниш юз берган. Давлат котиби Майк Помпео бошчилигидаги санкция тарафдорлари коронавирус тарқалаётган ҳозирги шароитни Теҳронни тиз чўктириш учун энг қулай фурсат деб иқтисодий чораларни бекор қилмасликни таъкидлаётган бўлсалар, Мудофаа вазири Марк Эспернинг фикрини қўллаб-қувватлаётганлар барча каби Эрон ҳам коронавирус хуружидан азият чекаётган бир пайтда ушбу мамлакатга нисбатан қўлланилган жазо чораларини сақлаб туриш инсонийлик мезонларига тўғри келмаслигини таъкидлаяптилар.