Пиёдалар учун Тошкент шаҳрига кириш ва чиқишга ҳеч қандай тўсиқ бўлмайди

Иллюстратив сурат: interpress.uz

Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссиясининг қарорига мувофиқ, жорий йилнинг 24 март кунидан бошлаб Тошкент шаҳрига ҳар қандай транспорт воситаси (автобус, автомобиль, авиа, темир йўл)да кириш ва чиқиш тўхтатилади.

Бунга кўра:

– Тошкент шаҳрига юк ташиш мақсадида кириш ва чиқишга, карантин қоидаларига риоя этган ҳолда, чеклов бўлмайди;

– Тошкент шаҳрида доимий рўйхатдан ўтган фуқароларимиз ҳамда чет эл фуқаролари ўзларининг шахсий транспорт воситаларида Тошкент шаҳрига, карантин қоидаларига риоя этган ҳолда, киришлари мумкин. Бироқ Тошкент шаҳридан чиқиш учун чеклов ўрнатилади;

– пиёдалар учун, карантин қоидаларига риоя этган ҳолда, Тошкент шаҳрига кириш ва чиқишга ҳеч қандай тўсиқ бўлмайди.

Мазкур чеклов чоралари юзасидан махсус комиссия томонидан мулкчилик шаклидан қатъий назар барча ташкилотларга ишчи ва ходимларини масофадан ишлаш тизимига ўтказиши, меҳнат таътилини бериши ёки ходимнинг иш вақтини қисқартирилган шароитга (масалан, кунига 4 соатлик иш режими) ўтказиши ёхуд иш ҳақи сақланмаган ҳолда ўз ҳисобидан таътил бериши тавсия этилган.

Юртдошларимиздан карантин қоидаларига ва белгиланган чекловларга қатъий риоя қилишларини илтимос қиламиз.

Ш.Ғиёсов,
ИИВ Ахборот хизмати раҳбари