«Тўпларни жим туришга мажбур қилинг»

Фото: Getty Images

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш сайёрамиз бўйлаб коронавирус тарқалаётган ҳозирги пайтда ўзаро уруш олиб бораётган томонларни бундай ҳаракатлардан тийилишга чақирди.

Бош котиб ташкилотда аккредитациядан ўтказилган журналистлар иштирокида бўлиб ўтган видеоконференцияда шундай чақириқ билан дунё давлатларига мурожаат қилган.

«Мен дунёнинг барча бурчакларида ўт очишлар дарҳол глобал тарзда тўхтатилишига чақираман, — деган жумладан Гутерриш. — Низоларни бас қилиб, ҳаёт учун курашадиган вақт келди. Мен урушаётган томонларга мурожаат қиламан: ҳарбий ҳаракатларни тўхатинг, ишончсизлик ва душманликдан воз кечинг, тўпларни жим туришга мажбур қилинг, артиллерия отишмаларини, авиазарбаларни тўхтатинг».

Қайд этиш керак, ЖССТ Бош директори Тедрос Адан Гебрейесус коронавирус пандемияси яқин вақтда кучайишини маълум қилган эди.