COVID-19

2020 йил 24 март ҳолатига кўра дунёда янги турдаги коронавирус билан зарарланганлар сони 400 минг нафардан ошиб кетди. Бу ҳақда АҚШнинг Жонс Хопкинс университети маълум қилди.

Аниқ қилиб айтганда, covid-19 билан касалланганлар ҳозирда 407 485 нафарни ташкил этмоқда. Коронавирус туфайли вафот этганлар сони эса 18,2 минг кишига етди. Касалхоналарга ётқизилганлардан 104 минг нафари соғайиб чиққан.

Италия Бош вазири Конте мамлакатда коронавирус инфекциясини юқтириб олганлар сони 69 176 нафарга етганини, улардан 6820 нафари вафот этганини маълум қилди. Шунинг билан бирга, вирус тарқалиши суръати ва ўлаётганлар сони ортиб бормоқда. Бош вазир ҳукумат карантин қоидаларини бузганларга нисбатан янада қаттиқ чоралар кўришини, хусусан, бу борадаги жарима миқдори 3000 евро этиб белгилангани ҳақида хабар берди.

Франция, Париж. Фото: AFP

Қўшни Франциядаги вирус тарқалиши билан боғлиқ ҳолат ҳам тобора хавотирли тус олмоқда. Айни пайтда мамлакатда 22302 киши коронавирус касалига чалинган бўлса, улардан 1100 нафар ҳаёт билан видолашган, бир куннинг ўзида вирусга чалиниш билан боғлиқ 2446, ўлим билан боғлиқ 240 ҳолат қайд этилган.

Саудия Арабистони Қироллигида 24 март куни коронавирусга чалиниб, илк вафот этиш ҳолати кузатилди. Бемор хорижлик экани маълум қилинган бўлсада, айнан қайси давлат фуқароси экани айтилмаган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти АҚШ коронавирус пандемияси тарқалишининг янги марказига айланишидан хавотир билдирди. Охирги маълумотларга кўра, Қўшма Штатларда коронавирус билан 44183 одам зарарланган, вафот этганлар сони эса 544 нафарга етган. Вирус орзулар мамлакатида шиддат билан тарқалишда давом этмоқда. Биргина кечанинг ўзида мамлакатда коронавирус туфайли 100 киши вафот этган.

АҚШ, Ню-Жерси. Фото: REUTERS/Jason Redmond

Таҳлилчилар АҚШда коронавирус билан боғлиқ ҳолат янада даҳшатли тус олишини, ҳукумат унинг тарқалишини яқин вақт ичида бартараф эта олмаслигини таъкидламоқдалар.

Қайд этиш керак, 24 март ҳолатига кўра Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар сони 50 нафарга етган.