“O’ZBEKNEFTGAZ”: АИ-92 маркали бензин нархи пасайди

“O’ZBEKNEFTGAZ” АЖ “UNG” миллий бренди остидаги ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғида АИ-92 маркали бензин ва Европа стандартларига жавоб берувчи дизел ёқилғиси сотувини йўлга қўйган.

2020 йилнинг 1 мартидан бошлаб ушбу АЁҚШлардаги дизел ёқилғисининг нархи пасайтирилган эди. Эртага, 26 март кунидан эътиборан эса АИ-92 маркали бензиннинг нархи 6200 сўмдан 6000 сўмга камайтирилди.

Истеъмолчиларга ишонч билан айтиш мумкинки, бошқа маркадаги бензин маҳсулотлари ва дизель ёқилғисининг нархлари ҳам босқичма-босқич камайтириб борилади.

“O’ZBEKNEFTGAZ” аввало истеъмолчиларнинг манфаатларини инобатга олган ҳолда, шунингдек, биржа савдоларида бензин сотиб олиш харажатлари камайгани муносабати билан бензиннинг нархини пасайтириб боради.

Нархлар масаласида шуни таъкидлаш керакки, “O’ZBEKNEFTGAZ” ёқилғи қуйиш шохобчалари тармоғи орқали сотиладиган дизел ёқилғисининг нархи хорижий компаниялар томонидан сотиладиган дизел ёқилғиси нархидан 9 фоиз, АИ-92 маркали бензин нархидан эса 16,6 фоизга арзондир.

Эслатиб ўтамиз, АЁҚШларда сотилаётган маҳсулот турлари, уларнинг нархлари ҳамда жойлашган манзиллари ҳақида тўлиқ ва аниқ маълумотларни @UNG_Petro_Bot телеграм канали орқали олишингиз мумкин. Бундан ташқари маҳсулот ва хизмат сифати борасидаги фикрларингизни ҳам ёзиб қолдирсангиз бўлади.

“O’ZBEKNEFTGAZ” АЖ Матбуот хизмати