Бутун инсоният бир бутунга айланиши шарт

ДУНЁ пандемиядан кейин аввалгидек бўлмайди. Бу шу кунларда кўп тилга олинаётган ёки чоп этилаётган мақолаларда тез-тез ишлатилаётган иборалардан. Албатта, ҳаёт давомийлигини ва инсониятнинг вирус устидан қўли баланд келишини шубҳа остига олмаймиз. Гарчи бизга бу борада биров кафолат бермаган бўлсада. Пандемия таҳдидини жиловлай олиш борасида умидли хабарлар бор. Хитой бунга эришди ҳам. Аммо Европа ва АҚШ улкан талофатларга йўлиқмоқда. Биз яшаётган вақт ва макон тобора асабийлик томон юз тутмоқда.

Тарихда кўрилмаган СOVID-19 ўзининг вайронакор ҳужумлари билан бир лаҳзада башарият эришган “глобализиция ва интеграцион ютуқлар”ни савол остига қўйди, мамлакатлар ўртасидаги чегараларни тиклади, миллий эгоизмни олдинга чиқарди, бунинг ортидан жаҳон иқтисодиётларининг ўзаро боғлиқлигини намойиш этди, бундай чақириқларига биз олқишлаётган илм фан ва соғлиқни сақлаш даражаси дарҳол жавоб беришга қодир эмаслигини яққол кўрсатди. Биз юксакларга кўтарган АҚШ, Германия, Италия, Испания ва қўйингчи, барча мамлакатлар тиббий хизмати коронавирус олдида ожиз қолди. Пандемияга на давлатлараро альянслар, ва на алоҳида мамлакатлар қарши тура олмаслигини кўрдик.

Уч ойдан ошдики, вирус инсониятга ҳужум қилмоқда. Коронавирус ўчоғи марказига айланган Хитой, Корея ёки Эрон билан кимнинг иши бўлди? Ўзбекистон ва яна бир иккита инсонпарвар давлатни тилга олмасак, уларга ким гуманитар ёрдам жўнатди? Шунчаки, манзират ва таассуфлардан бошқасига ярамади ривожланган ҳамжамият. Ҳозир сурбетларча шубҳа ва гумонларнинг ўрни ҳам эмас. Агар манфаат илинжидаги ҳилқат онгли бўлганида эди, бугун Хитойни коронарус тарқалган марказ деб айбламасди, Эронга ёки бошқа санкциядан азоб чекаётган давлатларга нисбатан жазо чораларини вақтинча бўлса ҳам бекор қилиб турарди. Италия шимоли оммавий ҳалок бўлганларни кўмишга улгуролмаётган бир пайтда Европача ёки трансатлантик бирдамлик қаёққа гумдон бўлди? Нега Полша Россиянинг Италияга гуманитар ёрдам ортилган самолётларини ўз ҳудудидан учиб ўтишига тўсиқ қўймоқда?

COVID-19 манзаралари: ЭронCOVID-19 манзаралари: Эрон.

Ҳозир миллатчилик ёки ўтмишни ревизия қилишнинг ўрни эмас. Боз устига, пандемия Эрон ва АҚШ ўртасидаги ахборот урушига мой қуйди. Эроннинг олий диний раҳбари Али Хаманаий америкаликларни вирусни тайёрлашда айблади. АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео бунга жавобан беморлар ҳақидаги маълумотларни яшириш билан мамлакат раҳбарияти ўз фуқаролари ва бошқа мамлакат фуқароларини хатар остига қўйганини таъкидлади. Уч ой илгари Эрондаги юқори мартабали ҳарбийнинг ўлдирилиши икки давлатни уруш ёқасига келтириб қўйди.

Ҳар икки мамлакатдаги “ҳушёр бош”лар урушнинг олдини олди. Дунёни қамраб олган вирус балоси сиёсатчиларни умумий офатга қарши кураш йўлларини қидиришга ундайдигандек кўринган эди. Аммо бунинг акси бўлди. Муносабатларнинг кескинлашишига сабаб бўлган парадокс, гуманитар масала, яъни Эрон учун оғир дақиқаларда Вашингтоннинг ёрдам кўрсатиш таклифи бўлди. АҚШ Эронга Швейцария орқали етказиладиган тиббий дори-дармонлар пулини тўлаш таклифи билан чиқди. Бунга Хаманий рад жавобини берди. «Американи вирусни тайёрлашда айблашаяпти. Мен билмайман, бу қанчалар тўғри. Мабодо ҳақиқат бўлса, нега биз ишонишимиз ва Америкадан ёрдам олишимиз керак?» Помпео эса Твиттерда шундай ёзди. «Хаманаийнинг туҳмати шундаки, АҚШ АҚШ “ухан вируси” учун жавобгар эмиш, фактларга эътибор қилинг.

COVID-19 манзаралари: Панама Миллий полицияси таҳлил маркази.

Эроннинг бош авиалинияси – Mahan Air Теҳрон ва Пекин ўртасида камида 55 марта парвозларни амалга оширди, бу билан вирус тарқатди. Камида 5 мамлакатда юқишнинг илк ҳолатлари Эрон режмининг инсон соғлиғига бефарқлиги натижаси бўлди. Хуллас, гапирса гап кўп. Ҳозир сиёсий низоларнинг ўрни эмас. Балки ҳамкорлик йўли инфекция йўлини тўсар. Афсуски, пандемия хавфи афғонларни ҳам яраштира олмаяпти. Сиёсатчилар баҳслашар экан, АҚШ Давлат департаменти Афғонистонга бериладиган молиявий ëрдамнинг 1 миллиард долларга қисқартирилгани ва мамлакат билан ҳамкорлик кўлами қайта кўриб чиқилажагини эълон қилди. Бу баëнот Давлат котиби Майк Помпео 23 март куни олдиндан эълон қилинмаган сафар билан Кобулга келиб-кетгани ортидан пайдо бўлди. Кобулда Помпеонинг Афғонистон президенти Ашраф Ғани ва ўзини параллел равишда президент деб эълон қилган Абдуллоҳ Абдуллоҳ билан ўтказган музокаралари самарасиз тугади.

Айтилишича¸ Помпео Кобулга Ғани ва Абдуллоҳни “афғон халқи манфаати учун зудлик билан ўзаро муросага эришишга кўндириш мақсадида” борган. Сафар якунида кескин баëнот қилган Помпео¸ АҚШ Ғани ва Абдуллоҳ «давлат бошқаруви¸ тинчлик ва хавфсизлик¸ афғон фуқаролари саломатлиги ва фаровонлигини таъминловчи миллий яраш ҳукумати тузиш» таклифига кўнмаганидан қаттиқ афсусда эканини билдирди. Ғани ва Абдуллоҳ билан самарасиз сўзлашувлардан сўнг Помпео Толибон етакчилари билан учрашиш учун Форз кўрфазига жўнаб кетди. АҚШ ва Толибон ўртасида ўтган ой Доҳада эришилган тинчлик келишувига кўра Вашингтон биринчи қадам сифатида Афғонистондаги Америка қўшинларини 2021 йил ўртасига қадар олиб чиқиш мажбуриятини зиммасига олган.

COVID-19 манзаралари: Корея, Сеул.

Хуллас, коронавирус тарқалиши, унинг атрофидаги ортиқча гап сўзлар, айбловлар Бани башар Яратган синовлари олдида ожизлиги, сабрсизлигини, аҳдига вафо қила олмаслигини яққол намойиш этди. Баландпарвоз баёнотлар беришга одатланган давлатлараро ташкилотларнинг бюрократик аппаратлари ҳатто кўнгилга таскин берадиган баёнотлар беришга ярамади, улар дабдабали конференция сийқаси чиққан тавсиялар бришдан бошқасига ярамайди, қабилидаги гумонларни кучайтирди.

БМТни тушунса бўлади, доимий аъзолари аравани ўзи томонга тортиш билан овора. Европа Иттифоқи ҳам жим. Коронавирус манзарасида ҳар ким ўзининг ғамини ейиш билан банд. Уларни ҳам айблаш инсонфдан бўлмас. Пандемия таҳдиди шу қадар кенгайиб кетдики, ҳамма ўзининг ҳовлиси осойишталигини ўйлайдиган бўлиб қолди.

Дунё пандемияга энди кириб келди, унинг юқори чўққиси ҳақида гапиришга вақт эрта. Бироқ кўплаб қарорлар қабул қилинди, кўп камчиликлар тўғриланди. Энди вирусдан қаттиқ азият чеккан мамлакатларда одамлар ўз соғлиғини сақлашда, ўзини инфекциядан ҳимоялашда эҳтиёткорроқ бўлишлари муқаррар. Сўнгги йилларда оммалашган ва урфга кирган қучоқлашиб ёки бошни уриштириб кўришиш, ўрта асрлардан одатга кирган қўл бериб кўришиш модадан қоладиган кўринади. Энди узоқ йиллар инсонни ваҳима ва ҳадик тарк этмайди. Масофадан туриб ишлаш, масофадан ўқиш давлатларда кенг жорий этилади.

COVID-19 манзаралари: Хитой, Ухан.

Яна бир мартали идиш ва шишали сувлар вақти қайтатиб келадиган кўринади. Охирги йилларда тараққиёт деб аталган урф пайдо бўлиб, одамлар пластикка қуйилган сувлардан ичишга ўтганди. Бугун ҳатто Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти эски малаҳатларини унутиб, тоза сув ўрнига бутилкали сувдан ичишни маслаҳат бераяпти.

Қатор мамлакатларда давлат бошқаруви заифлигини ҳаётнинг ўзи намойиш этди. Аксарият ҳукуматлар фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш, табиий офатлар туғилган тақдирда ҳимояга олиш борасидаги мажбуриятларини бажара олмади. Буни ўша давлатлардаги оддий одамлар вирус қурбонига оммавий айланаётгани мисолида кўрдик. БМТнинг 2003 йилдаги ташаббуслари, Жаҳон банки, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсиялари қумга чўккан хасдек ғойиб бўлди.

COVID-19 манзаралари: Афғонистон, Кобул.

Қатор давлатларда, айниқса, Италия ва Испанияда юқумли касаликка чалинган беморлар учун жойлар камлиги, етишмаслиги кўриниб қолди. Ҳозир Германия бу мамлакатлар беморларини ўзида қабул қила бошлади. Россияда ҳам касалхоналарнинг юқумли бўлимлари абгор аҳволда экани ҳақида маҳаллий матбуот бонг урмоқда. Аммо шифокорлар… улар, шубҳасиз, қаҳрамонлар. Фронтнинг олд қаторидаги жангчилар. Эртага бу балолардан эсон-омон чиқиб олсак, улар ҳақида дунё бўйлаб юзлаб асарлар ва фильмлар яратилар. Лекин ҳозир уларга беморлар ва карантиндагилардан ҳам қийинроқ. Шунинг учун сиз билан биз жавобгарликни ҳис қилишимиз, берилаётган тавсияларга амал қилмоғимиз шарт.

Бошқаларни муҳофазалаш ўзимизни муҳофазалаш билан тенглигини англашимиз керак. Вирус Хитойники, Италияники, Францияники… эмас, у ҳам умуминсоний. Дунёнинг қайсидир чеккасида лабораторияда вакцина яратиш устида бош қотираётган олим ёки ниқоб тикиб текинга тарқатаётган қўшнимиз, шифокорларга бепул таом олиб бораётган саховатпеша ёки ўзида коронавирус борлигидан шубҳаланиб лабораторияга борган инсон – ҳаммаси биз учун ҳаракат қиляпти. Бутун инсоният бир бутунга айланиши шарт.
Абдували Сайбназаров,
сиёсий шарҳловчи