16 млн киши коронавирус инфекцияси хавфи остида

Кобулда аҳолига тиббий ниқоблар бепул тарқатилмоқда. Фото: AP

АФҒОНИСТОН Соғлиқни сақлаш вазири Ферузиддин Феруз мамлакат аҳолисининг ярми – 16 млн киши коронавирус инфекцияси билан зарарланиш хавфи остида эканини маълум қилди. Худди шундай хавотир Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан ҳам билдирилган.

Вазирнинг айтишича, пандемия хавфига қарши ўз вақтида керакли чоралар кўрилса, талофатни камайтириш мумкин, бироқ ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра COVIS-19 камида 100 мингдан ортиқ афғонистонликни ҳаётдан олиб кетиши мумкин.

Ҳозирда коронавирус билан зарарланганларнинг ярмига яқини Эрон билан чегарадош Ҳирот вилоятида аниқланган. Инфекция кенг кўламда тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳукуматдан карантин жорий этишни сўрамоқда.

Бундан ташқари вазирлик, ҳукуматга истироҳат боғлари, ҳаммомларни, умумий овқатланиш нуқталарини ёпишни, йирик шаҳарлар ўртасидаги автобус қатновларини тўхтатишни таклиф қилган.

Ферузиддин Феруз давлат идоралари коронавирусга қарши курашишда ҳамжиҳатликда ишга киришганлигини юқори баҳолаган ва шунинг билан бирга «Толибон» ҳаракатига назорати остидаги ҳудудларга тиббиёт ходимларининг кириши учун рухсат берганига миннатдорлик билдирган.

Айни пайтда Афғонситонда 74 киши коронавирус билан касалланган бўлиб, охирги 24 соат мобайнида яна 32 одамда инфекция аниқланган.