Қирғизистон коронавирусга қарши курашда Европа Иттифоқидан ёрдам сўради

Дунё давлатларида коронавирус билан боғлиқ вазият. Фото: AP

ҚИРҒИЗИСТОН Республикаси президенти Сооронбай Жээнбеков Европа Иттифоқига мурожаат қилиб коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатларини бартараф этиш учун мамлакатга қўшимча ёрдам беришни сўради.

Президентнинг айтишича, коронавирус инфекцияси тарқалиши оқибатида давлат бюджети харажатларининг бир қисмини молиялаштириш билан боғлиқ хатарлар юзага келган. Бундан ташқари, аҳолининг соғлиғини ҳимоя қилиш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва инқирозга қарши дастурларни амалга ошириш каби фавқулодда чоралар учун маблағ талаб этиляпти.

Маълум бўлишича, Қирғизистон раҳбарининг илтимосномаси ЕИ қароргоҳига келиб тушган. Иттифоқ раҳбарияти Қирғизистонни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун энг мақбул йўллар устида изланаётганини билдирган.

Бугунги кунда мамлакатда коронавирус билан боғлиқ 44 та ҳолат қайд этилган. Республикада фавқулодда ҳолат ва комендантлик ҳолати жорий этилган.