Душманона сиёсатга ким сабабчи: Россиями ёки АҚШ? (биринчи шарҳ)

АҚШнинг разведка бўйича эълон қилинган янги талқиндаги миллий стратегиясида “кўп сонли душманлар” биологик, кимёвий ва ядровий қуролларни ўз ичига олган оммавий қирғин қуролларини сотиб олиш ва қўллаш орқали АҚШ манфаатларига ҳалокатли зарар етказувчи имкониятларни излаётгани айтилади. Ҳужжатда мамлакатнинг анъанавий душманлари қаторида Россия ва Хитой эслатилган. 

“Биз АҚШнинг разведка борасида ҳозиргина эълон қилинган янги талқиндаги миллий стратегиясидаги таърифларга эътибор қаратдик. АҚШ томонидан Россия ва Хитойга нисбатан асоссиз айбловлар илгари сурилган шу каби қатор ҳужжатлар эълон қилинди. Шу муносабат билан биз норозилик билдирамиз”, деган Хитой Ташқи ишлар вазирлиги вакили Хуа Чунин. 

Дипломатнинг таъкидлашича, Хитой тинч тараққиёт йўлини қатъий тутиб келаётган мамлакат бўлиб, унинг ҳарбий сиёсати мудофаа характерига эгадир. Шу боис Америка томони “совуқ уруш” тушунчасидан воз кечиб, асосий кучини икки мамлакат ўртасидаги ўзаро ишончни мустаҳкамлаш, жаҳонда тинчлик ва барқарорликни таъминлашга сафарбар қилмоғи лозим. 

Аммо АҚШлик икки нафар дипломатнинг эсдаликларига эътибор қаратсак, кимнинг кимга хавф солаётгани маълум бўлади. Биринчиси, АҚШнинг Россиядаги собиқ элчиси Макйл Макфол ва иккинчиси элчи Уилям Бернс. Бугунги шарҳимизда Макфол эсдаликларига тўхталамиз. Унда собиқ дипломат америкаликлар Москвадаги ҳокимиятни ўзгартириш, Владимир Путинни ағдаришни истаганлигини тан олган. Макфолнинг айтишича, Обама Россияни ислоҳ қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. 

АҚШ президенти Доналд Трамп ва Россия президенти Владимир Путиннинг 2018 йил июл ойида Хелсинкида бўлиб ўтган қўшма матбуот анжумани чоғида журналистлар 2016 йилги АҚШдаги сайловга Россиянинг аралашуви юзасидан саволларни ўртага ташлашди: Путин АҚШ Адлия вазирлиги айблаётган жосусларни топширадими? Йўқ, — деб жавоб қайтарди Россия президенти, — бироқ терговчилар айбланувчиларни муаммосиз Москвада сўроқ қилиши мумкин. Айни пайтда бунга жавобан унинг одамлари Америка фуқароларни сўроққа тутиши мумкинми, деган масала кўтарилди. «Ажойиб таклиф», — деди Трамп. 

Орадан кўп ўтмай, Путин айнан Майкл Макфолни, Барак Обама бошқаруви йилларида 2009 йилдан 2011 йилгача Оқ уйда Россия масалалари бўйича бош маслаҳатчиси, сўнгра Москвадаги элчи бўлиб ишлаган дипломатни назарда тутганлиги ҳақида гапиришди. Илгари Америка дипломатларининг ўз фаолияти учун хорижий инстанцияларда ўзини оқлаш уриниши юз бермаганди. АҚШ Давлат департаменти Путин таклифини бемаънилик деб атади, сенаторлар эса унинг қабул қилинишига қарши чиқишди. 

Макфол — политология профессори, дипломатия соҳасида ишлаган, айни кезларда Калифорниядаги нуфузли Стэнфорд  университети мударриси. Россия бўйича эксперт ва Твиттер ишқибози Макфол Путинга бўлган нафратини ҳеч қачон яширмаган, аммо шусиз ҳам Путинни ёқтирмайдиганлар армияси етарли. Макфол яқинда Обама даври ҳақидаги эсдаликларини чоп этди, унда баён этилган фикрлар Россия президентининг ҳам уни нима учун таъқиб этишга уринаётгани борасидаги саволларга ойдинлик киритади. Унинг китоби энг янги тарих тўғрисида ғайриоддий ҳужжатлардан ҳисобланади. Зеро, айнан Путин душмани Макфол ўз китобида икки давлат ўртасидаги муносабатлар кескинлашишида АҚШнинг роли қанчалик катта бўлганини изоҳлайди.

Собиқ дипломат ўз ҳикоясини Украинадаги қонли тўқнашувларга олиб келган даврдаги воқеаликдан бошлайди, ўшанда ҳеч кимнинг ҳаёлига янги совуқ уруш бошланиши имконсиз бўлиб туюларди.  Аммо мувозанатнинг юқори қатламларида “шамол эсарди” ва  Макфол очиқчасига Вашингтоннинг собиқ рақибига нисбатан жоҳилларча ва бепарволарча муносабати аралашмаси ҳақида гапириб беради. 1999 йилда НАТОнинг Югославияга қарши ҳужуми бўладими, НАТОнинг 1997 йилдан 2004 йилгача шарққа томон кенгайиши бўладими, 2002 йилда америкаликлар ташаббуси билан ракета ҳужумидан мудофаа тизимининг барбод бўлиши бўладими, Россия доимо “заиф ва аҳамиятсиз” кўрилган, деб ёзади политолог. Кремл ўз хохишини айтган пайтда америкаликларнинг позицияси шундай бўлган: «Умуман бу кимни қизиқтиради?».

Россиялик сиёсатчилар Макфолга унинг ҳузурида ҳам АҚШ уларни алдаётгани юзасидан ҳасрат қилишган, — ҳодисаларни собиқ дипломат шундай тасвирлайди. У шикоятчилар мутлақо ҳақ эканликларини тан олади. Масалан, Путин 2001 йилнинг 11 сентябр ҳодисаларидан кейин террорчиликка қарши биргаликда курашиш учун қўшма иттифоқ тузилиши борасида АҚШ президенти Жорж Бушга ишонган. Бироқ Буш Кремл ҳохишига зид равишда Россиянинг узоқ даврлик иттифоқчиси Ироққа ҳужум қилди. 

Обама ҳукумати ҳам Кремлни 2010 йилда Эронга қарши БМТ санкцияларини жорий этиш билан алдади. Америкаликлар ўшанда Теҳронга қарши ҳеч қандай давомий жазо чораларини режалаштирмаётгандек тассурот қолдирди — бу аслида лоф эди.  Обама қўшимча санкциялар жорий этганда Москва бунга рози бўлишдан бошқа илож тополмади. Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров бундан ғазабга тушади, Макфол ёзганидек, бунга ҳаққи бор эди. 

2011 йилда НАТОнинг Ливияда ҳаво ҳужумлари билан боғлиқ вазиятда ҳам америкаликлар шунга ўхшаш тарзда йўл тутишди.  Обама бомбардимон орқали ўша пайтдаги ҳукмдор Муаммар Каддафийни ағдаришни эмас, Ливиядаги фуқаролар урушида геноцид олдини олиш хохишида эканлигига ишонтирди. Шу муносабат билан БМТдаги овоз бериш жараёнида Россия бетараф қолди, Каддафи режими қулаши билан Москва алданганини ҳис қилди.  «Бунга асос бор эди», — деб тан олади Макфол.

Эсдаликлар муаллифи Россиядан сиёсий бошпана олган ва Москвадан туриб бутун дунёга америкаликларнинг ўзгалар суҳбатини эшитиш услубларини гапириб берган, Обама ҳукуматини даҳшатли пиар ҳалокат қаршисида қолдирган Америка миллий хавфсизлиги агентлиги ходими Эдвард Сноуден билан боғлиқ масалада Путин тутган йўлни тўғри тушунишини айтади.  «Агар россиялик жосус Вашингтонга келса биз ҳам шундай йўл тутган бўлардик», — деб ёзади Макфол.

Бу омиллар собиқ дипломатнинг янги уруш учун масъулиятни айнан Путин зиммасига юклашдан қайтармайди. Ҳокимиятни йўқотишдан чўчиган “реакцион автократ” россия жамоатчилиги қўлловига эга бўлиш учун аксилғарб душманлик уруғини сочишга қаратилган йўналишни белгилаб олди, дейди Макфол. 

Обаманинг айнан Россия масалалари бўйича етакчи эксперти Оқ уй Путиннинг вайронакор имкониятларини етарлича баҳоламанлигига эътиборни қаратади. Украинадаги инқироз бўладими, Суриядаги уруш бўладими, Обама ҳукумати мазкур можароларни Кремлнинг манфаатларини ҳисобга олмай ечишига ишончи комил бўлган.  Бироқ америкаликлар улар фақат иллюзия қуришганини тан олишга мажбур бўлган. 

Макфол 2008 йилдаги сайловгача АҚШ “тарихнинг боришини ўзгартириш учун” Обамага қўшилди. Уни Обама командасига ҳамкурси тортди, охир оқибатда у президентнинг миллий хавфсизлик масалалари маслаҳатчисига айланди. Макфол ўша пайтдаги президентликка номзодни “ақлли, муомалали, қувноқ” киши деб таърифлайди. 

Мутахассислиги бўйича юрист Обама Россия мавзусида етарли маълумотга эга эмасди. Макфолнинг сўзларига кўра, уларнинг биринчи суҳбати Стэнфорддаги семинарда бўлиб ўтган. У бўлғуси давлат раҳбари билан совет тарихини ва халқаро муносабатлар назариясини муҳокама қилган, Россия билан муносабатларни қайтадан қуриш ҳақида гапирган. Обама бу бу мақсадни ўтмишдошидан кўра яхшироқ тарзда ҳаётга татбиқ этиши мумкин эди. Аммо менсимаслик сиёсати ҳаммасини барбод қилди. 

Бошида жараёнлар бир текисда кечди. Обама Оқ уйга кўчиб ўтишидан сал илгарироқ 2009 йили Путин ўзининг иккинчи президентлик муддатини якунлаган, унинг меросхўри Дмитрий Медведев Барак Обама билан биргаликда ўзларини янги авлод вакиллари сифатида ҳис қилишарди. Ҳар икки президент смартфонга қизиқар, ўзаро муомалада дўст иборасини ҳам ишлатишарди. Улар “қайта бошлаш” номи остида қуролсизланиш тўғрисидаги келишувни имзолашди. Шимолий Кореяга қарши ҳамфикр бўлишди, Афғонистон бўйича позиция яқинлашди. Ниҳоят, Россия Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлди. 

Макфолнинг сўзларига кўра, бу билан Обама Шимолий Кореянинг ядровий қуроллари ёки ядровий қуролсизланиш каби ташқи сиёсий муаммоларни еча бошлади. Вашингтоннинг мақсади Россияни фундаментал демократик ислоҳотлар ўтказишга ундаш эди; океанортидагилар фикрича, демократик мамлакатлар АҚШга таҳдид солмайди.  

Макфол Обамага тузиб берган қайта бошлаш сиёсати тўғрисидаги дастурий ҳужжатда Америка ҳукуматининг Кремлни четлаб ўтган ҳолда умумий қадриятларни ривожлантириш учун Россия халқига мурожаат қилиши белгиланганди. Обама бу билан Россияда фуқаролик жамиятини мустаҳкамлашга, Москванинг бурнидан сим ўтказиб олишга уринган эди. 

Макфол Путинни Сталин билан таққослайди, унинг нуқтаи назарига кўра, КГБнинг собиқ агентини ҳокимиятдан маҳрум этиш лозим. Бу ҳам Обама маъмуриятининг Россия масаласида керагидан кўра кўпроқ қадам ташлаганини англатади. 

Америкаликлар либерал мухолифат фаолларини ўқитишар ва фуқаролик ташкилотларига миллионлаб суммаларни ажратишарди, бу ҳолат Макфолнинг таъбири билан айтганда, мухолифатнинг сиёсий нейтрал бўлишига йўл бермасди. Москвада рус мухолифатчилари билан учрашуви чоғида Обаманинг вице-президенти Жо Байден агар Путин келгуси президентлик сайловида иштирок этмаса “нур устига аъло нур” бўлишини айтган. 

2011 йилги сайловда ҳукмрон «Единая Россия» партияси сезиларли даражада қаллобликка қўл урган  — Макфол фикрича, америкаликлар мўътадил танқид билан чекланмаган. АҚШ Давлат котиби Хиллари Клинтон кескин норозилик билдирган, бу эса унга Путин билан умрбод душманликни таъминлаб берди. Оқ уйда Клинтон позициясини маъқуллаган инсон ҳам айнан Макфол бўлади. 

Талаба ва ёш олим бўлган пайтларида Макфол бир неча йил Россияда яшади, ўшанда университет ва сиёсий фаолият ўртасида зир қатнаган. 1990 йиллар бошларида Москвада намойишларда қатнашди,демократик ҳаракатлар учун семинарлар ташкил этди ва ноҳукумат ташкилотларда ишлади, мақсад Россияда демократик тамойилларни амалга ошириш бўлган.

2012 йилда Путин сайловда ғалаба қозониб, яна Кремлга кўчиб ўтди, у Обама ҳукумати ундан қутулишни истаётганлигига ишонарди. Бу қайта бошлаш сиёсатига нуқта қўйган сўнгги ҳолат бўлди.  

Бугун Макфолнинг Россияга кириши таъқиқланган. Америкаликлар наздида ўта нодўстона қарорни Путин қабул қилган. Бу каби таъқиқни олган АҚШнинг сўнгги элчиси Жорж Кеннан бўлган. У Кремлда Иосиф Сталин ҳукмрон бўлган кезларда АҚШнинг Москвадаги вакили лавозимида ишлаган.

Абдували Сойибназаров