Карантин қоидаларини бузган шахс 10 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин

Иллюстрация: poynter.org

“Жиноят, Жиноят-процессуал кодексларига ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” қонун Президент томонидан имзоланди.

Унга кўра, санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик кучайтирилди. Жумладан, санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, шу жумладан карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар пайдо бўлиши ҳамда тарқалиши шароитида давлат санитария назорати органларининг:

тиббий текширувдан ўтиш ва даволаниш;

карантинни ўташ учун белгиланган жойларга етиб бориш ҳамда ушбу жойни белгиланган муддат давомида тарк этмаслик;

касаллик юқиши мумкин бўлган даврда мулоқотда бўлинган шахслар ва борилган жойлар ҳақидаги маълумотларни ошкор қилиш тўғрисидаги ҳамда бошқа қонуний талабларини узрли сабабларсиз бажармаганлик одамларнинг оммавий касалланиши ёки заҳарланиши реал хавфини келтириб чиқарса ёхуд одамларнинг оммавий касалланишига ёки заҳарланишига олиб келса, бунинг учун 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланди.

Агар ўша ҳаракатлар одамнинг ўлимига сабаб бўлса, озодликдан маҳрум қилиш жазоси муддати 5 йилдан 7 йилгача этиб, бир қанча одамларнинг ўлимига сабаб бўлса, – 7 йилдан 10 йилгача этиб белгиланди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.