Қамалнинг қийин кунлари…

75 йил муқаддам оғир қамални бошдан кечирган Ленинград шаҳри озод этилган эди. Немис ва фин аскарлари қамалдан мақсадларига етолмай, ортга чекинишга мажбур бўлади

Фашистларнинг «Барбаросса» режасига кўра 1941 йил 22 июнда Совет иттифоқига бошланган ҳужумнинг бир қисми «Шимол ёғдуси» деб номланган бўлиб, унга кўра Москвадан кейинги энг йирик шаҳар — Ленинград забт этилиши керак эди. Гитлернинг нияти шаҳарни Ер юзидан супуриб ташлаш эди. Шимолдан финлар, жанубдан немислар шу мақсадда ҳужумга ўтади.

Уруш бошланиши арафасида Ленинград аҳолиси 2,5 млн эди. Ачинарлиси, Вермахт қўшинлари шаҳар томон ҳаракатланаётган бўлса-да, аҳоли эвакуация қилинмайди. Коммунистик партия раҳбарлари бу ишни мағлубият билан баробар деб тушунадилар.

1941 йил 8 сентябрдан шаҳарни қамал қилиш бошланади. Нива бўйидаги Шлиссельбург қалъасини душман забт этгач, Ленинград мамлакатдан узилиб қолади. Гитлерчилар осонлик билан шаҳарни қўлга киритамиз деб ўйлашади, лекин улар шаҳарликларнинг қаттиқ қаршилигига дуч келишади.

Ўша йилнинг сентябрь-ноябрь ойларида немислар амалга оширган парвозларнинг 80 фоизи Ленинградга қаратилган эди. Ленинград аёвсиз бомбардимон қилинади. Биргина 1941 йилнинг 31 декабрь куни шаҳарга 3295 та фугас, 99717 та ёндирувчи бомба ташланади, 30154 та снаряд келиб тушади.

Қамалда қолган аҳолининг қорнини тўйғазиш қийин масала эди. Шу сабаб карточка тизими жорий этилади. 1941 йил ноябрдан бошлаб: ишламайдиган фуқаролар ва болалар учун 125 граммдан, ишловчилар учун 250 граммдан нон берила бошланади. Нон таркиби эса… унинг 40 фоизи ун бўлиб қолган қисми арпа аралашмаси ва ёғоч қириндисидан иборат бўлган. 1941-1942 йилнинг қишида ленинградликлар даҳшатли очликни бошдан кечиради. Бундан ташқари, 1941 йилнинг қишида ҳарорат —38 га тушиб кетади. Ҳам очлик, ҳам қаҳратон совуқ миллионлаб инсонни ҳаётдан олиб кетган эди…

Франциянинг «Le Figaro» нашри Иккинчи жаҳон урушининг шундай аянчли даврларини эслаган.