“Президент виртуал қабулхонасига 400 мартадан ортиқ мурожаат қилганман…”

2013 йили Жиноят ишлари бўйича Самарқанд вилоят судининг қарори билан Омон Абдуллаевнинг қайнотаси Н. Усмонов айбдор деб топилиб, 7 йилга қамоққа ҳукм қилинади ва 25 миллион сўмга яқин пул давлат ҳисобига ундириш кераклиги кўрсатилади.

Унинг фарзандлари 7 миллион сўмдан ортиқ пулни ихтиёрий равишда тўлаган.

Каттақўрғон туман суд ижрочилари бўлими Номоз Усмоновнинг номида бўлган, аммо фарзандлари ҳам меросхўр саналган уйни сотиб, қолган суммани тўлатишга киришади.

Унинг куёви Омон Абдуллаевнинг айтишича, бу уй аслида у билан турмуш ўртоғининг Россияда ишлаб юборган пулларига олинган. Уй эса қайнотасининг номига ҳужжатлаштирилган.

Суд ижрочилари уйни сотиб, уни бўшатиш учун келганида уйда Омон Абдуллаевнинг вояга етмаган болаларидан бошқа ҳеч ким бўлмагани айтилади.

«Суд уйни сотишга ва бизни қўшнимизникига унинг розилигисиз кўчириб ўтказиш ҳақида ҳукм чиқариб беради. 2016 йилнинг март ойида мен касалхонада ётгандим, турмуш ўртоғим Россияда эди. Суд ижрочилари вояга етмаган қизим ва ўғлимни кўчага чиқариб юборади. Уйда тинтув ўтказиб, ҳужжатлар ва пулларни олиб кетишади», дейди Омон Абдуллаев.

Каттақўрғонлик шахс уйни сотувга қўйиш қарори нотўғри бўлгани ва уйда улуши бўлганларнинг розилиги олинмагани ҳақида шикоят қилади.

Кўплаб маротаба Бош вазир виртуал қабулхонасига, кейинчалик Президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилади.

Бош прокуратурага қилинган мурожаатдан сўнг, Ўзбекистон Бош прокурори ўринбосари адлия катта маслаҳатчиси И. Д. Эргашходжаев 2017 йилнинг 13 февралида Ўзбекистон Олий судига ишни қайта кўриб чиқиш учун биринчи инстанцияга юбориш тўғрисида протест ёзади.

Ишни қайта кўриб чиққан суд уйни сотиш тўғрисидаги аукционни бекор қилади ва Омонов ҳамда оиласининг уйдан чиқариш тўғрисидаги аризани рад қилади.

Натижада Омон Абдуллаев оиласи билан уйга кўчиб киришга муваффақ бўлади.

Бироқ унинг айтишича, уйни кўчириш вақтида олиб кетилган пуллар ва ҳужжатлар суд ижрочиларида қолиб кетмоқда.

«Суд ижрочиларининг ҳатти ҳаракатлари видеога олинган. Аввалига улар бу дискни йўқотдик, устига бошқа видео ёзилиб кетибди, дейишди. Аммо юқорига шикоят қилаверганимдан сўнг диск топилди. У ерда уйдан пулларни олишгани кўринган. Аммо буни ашёвий далил сифатида ишга тикишмаяпти», дейди Омон Абдуллаев.

Каттақўрғонлик Омон Абдуллаев Президент виртуал қабулхонасига 400 мартадан ортиқ мурожаат қилган. Икки ярим йил давомида масаласининг бир қисми ижобий ҳал қилинган. Аммо уйидан олиб кетилган пул ва ҳужжатлар қайтарилмаяпти.

Омон Абдуллаев нотўғри қарор билан олиб қўйилган уйи Бош прокуратура аралашуви билан қайтарилганини айтади. Бош прокуратура келтирган протест уйнинг қайтиб олинишига сабаб бўлган.

Би-би-си ўзбек хизмати шу ҳақда хабар берган.