“Халқ банки”дан 100 минг доллар ўғирланди

“Халқ банки”нинг Фарғона вилояти Ëзëвон тумани бўлимидан 5 февраль куни нақд 100 минг АҚШ доллари ўғирлаб кетилган. Бу ҳақда “Озодлик” радиоси хабар берди.

Хабарда айтилишича, 100 минг долларнинг йўқолганини кассир  кечқурун 10 ларга яқин, ишдан кетаëтиб ҳисоб-китоб қилганда билиб қолган.

“Шундан кейин дарров тревога кўтарилган. Банкда ишлайдиганларнинг ҳаммасини кечқурун уйидан олиб кетишди. Саҳар 5 гача банк ичкарисида ушлаб¸ сўроқ-жавоб қилишди. Эрталаб ИИБга олиб келишди. Куни билан ичкаридан чиқаришмади¸ тергов кетаяпти. Оила-аъзолари ҳамма ташқарида бир аниқ гап айтишармикан, деб ўтирибмиз. Лекин яқинларимизни кўрсатишмади ҳам¸ иссиқ кийим ë овқат беришга ҳам рухсат қилишмади”, деган мухбир билан суҳбатда ëзëвонликлардан бири.

Бу хабарни тумани ИИБ си ҳам тасдиқлаб,  ҳозирча пулни ким ўғирлаганига оид жиддий тахмин йўқлигини маълум қилган.

“Айтишларича, “Халқ банки”га бир неча кун олдин нақд доллар келган экан. Сейфда 180 минг нақд доллар бўлган, шундан 100 минги – 10 пачка юзталик ғойиб бўлган. Сейфнинг калити уч кишида – бўлим бошлиғи, бош ҳисобчи ва кассирда бўлган. Кассир аëл икки ҳафтадан кейин пенсияга чиқиши керак экан, пул йўқолганини шу аниқлаб, бошлиғига билдирган”, деган воқеа тафсилотидан хабардор тадбиркор.

Маълум бўлишича, банк ичкарисидаги хусусан, нақд пул сақланадиган хонада ўрнатилган видеокамералар 2018 йилнинг октябрь ойида бузилган ва шундан сўнг улар бузуқлигича қолиб кетган.