Францияда йирик норозилик намойишлари ўтказилиши кутилмоқда

Яқин кунлар ичида мамлакатда норозилик чиқишларининг янги тўлқини бошланиши мумкин. Негаки, “сариқ нимачалилар”  айрим сиёсий партиялар ва касаба уюшмалари билан биргаликда амалдаги ҳукуматга қарши норозилик чиқишлари ташкил этиш хусусида келишиб олган.

“Сариқ”лар сафига мавқеи анча баланд бўлган Умуммиллий меҳнат конфедерацияси сўл касаба уюшмаси, сиёсий партиялар, талабалар ва антиглобалистлар қўшилган. Конфедерация етакчиси  Филипп Мартинез йирик намойишлар ўтказилишини маълум қилган. Унинг айтишича, унинг касаба уюшмаси аъзолари ва “сариқ нимачалилар” мақсадлари мушатараклиги рамзи сифатида қўлни-қўлга бериб кўчага чиқадилар.

Ҳукумат шошилинч тарзда парламентнинг қуйи палатаси орқали янги қонун қабул қилинишига эришди. Унга кўра, намойишчиларга юзларига ниқоб тақиш таъқиқланади. Одатда намойишчилар кўздан ёш оқизувчи газдан ҳимояланиш учун шундай қиладилар. Полицияга ҳам тартиббузарларни таъқиб қилиш бўйича қўшимча ҳуқуқлар берилган. Ҳудудий префектуралар эса тартибсизликларда иштирок этишда гумонланган шахсларни ушлаш ва улардан етказилган зарарни ундириш ваколатига эга бўлди.