ШУ КЕРАКМИДИ ЎЗИ?

© Фото : MANIKA Architecture

Бугундан хоккей бўйича Ўзбекистон чемпионати бошланади. Айтилишича, мамлакатимиз тарихида илк маротаба ўтказилаётган ушбу мусобақада «Бинокор», «Ҳумо», «Семурғ» ва «Тошкент» жамоалари иштирок этади. Катта эҳтимол билан айтганда, уларнинг барчаси пойтахт жамоалари. Ўйинлар «Ice City» муз аренасида бўлиб ўтаркан. Икки ой давом этадиган чемпионатда 24 та учрашув ўтказилиши режалаштирилибди.

Қизиғи, чемпионат «Тошкент» ва «Бинокор» жамоалари ўртасида бошланади ҳамда ундан кейин музга «Ҳумо» ҳамда «Семурғ» жамоалари тушаркан. Қанча уринмай, эслай олмадим, бир аренада кетма-кет тўрт жамоанинг учрашуви биратўла ҳеч ўтказилганми, чемпионатлар тарихида? Тўрт жамоанинг ўйинини охиригача кузатишга-чи, қайси мухлиснинг сабри етаркан? Ёки жамоалар мухлисларсиз ўйнайверадими? (балки, адашаётгандирман, хоккейнинг ашаддий мухлислари ҳам бордир).

Йўқ, асло, бу ташаббусга қарши эмасмиз. Спорт турлари кўпайса, шуғулланувчилар сони ортса, нур устига нур. Лекин, бу ўйин бизда қанчалик оммалашиб кетади? Ўзбекистон чемпионати фақат Тошкент шаҳри доирасида қолиб кетмаслиги аниқ. Хоккейни ҳудудларда ривожлантириш ҳаракатлари ҳам бошланади. Бунинг учун болалар хоккей тўгарак (мактаб)лари, муз саройлари ташкил этилиши, лўнда қилиб айтганда, зарур инфраструктура шакллантирилиши керак. Бу масалалар эртага мажбуриятга айланиб кетса, жойлардаги раҳбарларга қийин бўлади-ёв, улар маҳаллий футбол клубларига пул топсинми ёки хоккейни ривожлантиришга?

Халқимизнинг табиатидан, спортнинг якка кураш турлари бўйича жаҳон ва Осиё биринчиликларида эришган натижаларидан келиб чиқадиган бўлсак, бизда кўпроқ спортнинг якка кураш турларини ривожлантириш истиқболли ва натижаси ҳам самаралироқ бўлади. Бу билан, жамоавий спорт турларидан узоқлашишимиз керак, демоқчи эмасмиз. Барчасини вақт кўрсатади, дейишади-ку. Ҳозирча эса тарихимизда ўтказилаётган илк чемпионат муваффақиятли ўтишига омад тилаб қоламиз.