Нотўғри овқатланишнинг Ерга ҳам салбий таъсири бор

Фото: Google.com

Сайёрамизда аянчли ҳалокатлар рўй бермаслиги ва миллионлаб инсонлар дунёни барвақт тарк этишининг олдини олиш учун озиқ-овқат ишлаб чиқаришнинг анъанавий усули ҳамда одамларнинг овқатланиш тартибини ўзгартириш керак. Лондон университети олимларининг бу ҳақдаги фикрлари Phys.org сайтида чоп этилди.

Тадқиқотчиларнинг фикрича, инсоният қизил гўшт ва шакар истеъмол қилишни икки марта камайтиргани ҳолда, мева-сабзавот ҳамда ёнғоқ истеъмол қилишни икки марта кўпайтириши лозим. Бугунги кунда дунёда қарйиб миллиард одам очликдан азият чекаётган бўлса, икки миллиард одам нотўғри овқатланиш туфайли ортиқча вазн, саратон, диабет ва юрак-қон тизими бузилиши касалликларига дучор бўлган. Ҳар йили нотўғри овқатланиш билан боғлиқ хасталиклар сабабли дунёда 11 млн киши ҳаётдан кўз юммоқда.

Сайёрамиз аҳолиси 2050 йилда 10 млрд ни ташкил этиши ҳисобга олинса, атроф-муҳитга кўрсатилаётган салбий таъсирни озиқ-овқат тизимида кескин бурилиш ясаш орқали камайтириш мумкин. Хусусан, ҳар бир киши бир кунда 14 граммдан ортиқ қизил гўшт ва 250 граммдан зиёд сут маҳсулотлари истеъмол қилмаслиги керак. Олимларнинг таъкидлашича, ушбу йўл билан атмосферага метан чиқарилиши миқдорини ҳамда ўрмонлар кесилиши ҳажмини камайтириш мумкин экан.