Денгиз энди қайтмайди, у хотирамизда яшайди…

Фото: Google.com

Ўтган асрда халқимиз бошига тушган оғир кулфатлардан бири, шубҳасиз Орол денгизининг қурий бошлаганидир. Мамлакатимиз тожида марвариддек ярқираб турган денгизнинг бой берилиши жиддий экологик оқибатларга олиб келиши Орол сувлари соҳилларидан чекина бошлаган ўша, 1970 йиллардаёқ маълум бўлган. Шу боисдан денгизни асраб қолиш мақсадида маълум ишларни амалга оширишга киришилган. Бироқ давр тақозоси билан чора-тадбирлар қоғозда қолиб кетди. Денгиз ҳудуди эса шиддат билан қисқаришда давом этаверди.

Фожиага жим қараб туриш мумкин эмасди. Бироқ амалда шундай бўлди. Денгиз қуришининг оқибатлари ҳам ўзини кўп куттирмади. Оролбўйи минтақасида экология вазият кескинлаша бошлади. Бу  нафақат табиатга, минтақа аҳолисининг саломатлиги, турмуш тарзига ҳам салбий таъсир кўрсатди.

Мамлакатимиз мустақиликка эришган илк йилларданоқ Орол фожиасига эътибор қаратилди. Жаҳон ҳамжамиятининг кўз ўнгида дунёдаги энг йирик кўл – денгиз йўқолиб бораётгани ҳақида бонг урилди. Минтақада экологик талофат оқибатларини юмшатишга қаратилган амалий чора-тадбирлар амалга оширила бошланди. Бу борада шу пайтгача амалга оширилган ишлар салмоғи билан, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси туфайли рўёбга чиқарилаётган ишларни солиштирадиган бўлсак, ўтган қисқа вақт мобайнида катта ҳажмдаги ишларга қўл урилганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Ҳозир Орол деярли йўқолиб, унинг ўрнида 5,5 миллион гектарлик  саҳро пайдо бўлгани барчага маълум. Бу ердан ҳар йили юз миллион тоннагача қум ва туз кўтарилиб, бир неча юзлаб километрга тарқалмоқда. Бундай шароитда Оролбўйи аҳолиси қанчалик азият чекаётгани, яшаш шароитлари издан чиққанини тасаввур этиш қийин эмас.

Бевосита Президентимизнинг раҳбарлигида Орол фожиасининг салбий оқибатларини юмшатиш, минтақада экологик барқарорликни яхшилаш ҳамда ҳудуд аҳолисига муносиб турмуш шароитини яратиш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақиқатда таҳсинга лойиқдир.

Президентимиз БМТ Бош Ассамблеясида қилган чиқишида  жаҳон ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатларини Орол фожиаси оқибатларини тугатиш учун фаол бирлаштиришга чақириб, минтақа аҳолисига ёрдам кўрсатиш бўйича қабул қилинган БМТ махсус дастурини тўлиқ рўёбга чиқаришга чақирди.

Инсоният тақдирига алоқадор бу чақириқ эътиборсиз қолмади. Хусусан, БМТ ҳузурида Оролбўйи кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди тузилди. Дунёнинг турли мамлакатлардаги донорлардан фондга маблағлар туша бошлади. Бу маблағлар Орол фожиасининг салбий оқибатларини юмшатишга, ҳудуд аҳолисининг турмуш шароитларини яратишга қаратилган лойиҳаларни молиялаштиришга сарфланмоқда. Эътиборга молик тадбирлардан бири, давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан 500 минг гектар ҳудудда саксовулзор яратилиши бўлди. Бир неча йилдан сўнг қумликлардан иборат саҳро ўрнида миллионлаб дарахтлардан иборат ўрмон пайдо бўлади. Натижада, қум бўронларининг ҳавога кўтарилишининг олди олинади.

Албатта, Орол оқибатларини юмшатишга қаратилган комплекс чора-тадбирларда аҳолининг турмуш шароитини яхшилаш масалаларини ҳам қамраб олинган. Мисол учун, Мўйноқ туманида замонавий тураржойлар, ишлаб чиқариш ва ижтимоий объектлар барпо этиш, зарур инфратузилмани яратиш ҳам кўзда тутилган.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Орол денгизи энди бизга қайтмайди. У тарихда, хотирларимизда яшайди. Юқоридаги каби кенг кўламли чора-тадбирлар эса бу экологик фожиа туфайли юзага келган салбий оқибатларни юмшатишга, ҳудуд аҳолиси учун муносиб турмуш тарзи яратилишига хизмат қилади.

Дилшод ИСЛОМОВ