«НИМА БИЗГА АМЕРИКА…» ёки хитойлик дипломатдан дакки эшитган ҳамкасбимиз ҳикояси

Фото:LiveJournal

Яқинда пойтахтимизда ўтказилган халқаро тадбирда ҳамкасбларимиздан бири хитойлик дипломат билан бўлган суҳбат жараёнида меҳмоннинг мамлакатини алқаб, “Хитой дунёдаги кучли иқтисодиётга эга ривожланган давлат”, дебди. Дипломатга бу мақтов ёқмабди. Қовун тушириб қўйдимми, деб ажабланиб турган ҳамкасбимизга қарата дипломат: «Илтимос, бизни давлатга нисбатан “ривожланган” деган сўзни бошқа ишлатмасангиз. Биз ривожланаётган мамлакатмиз. Тўғри, иқтисодиётимиз кучли, бойларимиз, ўрта синфга мансуб аҳолимиз анча. Лекин шунинг баробарида миллионлаб камбағал одамларимиз ҳам бор. Модомики, шундай экан, давлатимизга нисбатан «ривожланган» деган сўзни ишлатиш ноўрин бўлади», дебди.

Камтарликни қаранг, дунёнинг иккинчи иқтисодиёти бўлган мамлакат вакили ўз юртини кўкларга кўтариб мақташни хуш кўрмабди. Эришилган натижалардан ҳали кўнгил тўлмаслигини билдирган. Бунга, мамлакатида ҳали камбағаллар борлигини мисол сифатида келтирибди.

Дарҳақиқат, маълумотларга қараганда, Хитой аҳолисининг 70 миллиони камбағалликда яшайди. Деярли бир ярим миллиард аҳолига эга бўлган давлат учун бу денгиздан томчидек гап (Ўзбекистон аҳолисига қиёслсак, бу икки баравар кўп дегани)дир. Лекин, уларни қашшоқлик чангалидан қутқариш Пекин учун долзарб муаммолардан саналади. Бунинг учун тегишли чора-тадбирлар ишлаб чиқилган, давлат дастурлари қабул қилинган. Улар натижа бергунча эса вақт керак. Хитойлик дипломат балки шуларни ўйлаб, ортиқча мақтовга руйхушлик бермагандир.

Собиқ советлар даврида «Нима бизга Америка?» деб чиранишлар кўп бўлган. Оқибатда, мақтаниб-мақтаниб охири шу давлатнинг ўзи йўқ бўлди. Россиялик экспертнинг фикрича, ҳозирги Россия ҳам АҚШ тараққиётидан камида 40-50 йил ортда экан.

Яқин ўтмишга тош отиш ниятим йўқ. Лекин кечаги кунларни, катта газетамизда бот-бот босилган катта-катта мақолаларни эслайлик: «оламшумул ютуқларимиз дунё ҳамжамиятининг ҳавасини тортмоқда»,  «ўзимизга хос ва ўзимизга мос тараққиёт йўлимиз жаҳонни лол этмоқда»… Гумбазли бинода ўтказилган йил якунларига бағишланган йиғилишларда янграган ҳисоботлардаги рақамлардан завқи келган депутатларимиз эса шунақаям қарсак чаларди-ки, шифтдаги баҳайбат биллур қандиллар зириллаб кетарди…

… Бу дарё оқимида биз ҳам маҳорат билан суздик, ошириб-тошириб, қўшиб-чатиб ёздик… хўп ёздик…

Бу ёқда… лойга ботган кўчалар, газсиз, чироқсиз қишлоқлар… тирикчилик важидан бошқа юртларда сарсон-саргардон юрган миллионлаб юртдошларимиз…

Йўқ, ўтган йилларда фақат муаммолар гирдобида қолди мамлакат, демайман. Кўп ўзгаришлар ҳам бўлди. Фақат… олам аҳлини ҳавасини тортган ютуқларимиз нима эканига ҳали ҳам тушунмайман…