“Ўзбеклар иши”нинг муаллифи Андропов бўлган

Фото:google.com

Ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллаб олган Владимир Ульянов (Ленин) ва унинг коммунист издошлари туфайли халқларнинг бошига мислсиз азоб-уқубатлар тушган, улар томонидан инсоният тарихидаги энг мудҳиш жиноятлар содир этилган. Афсуски, уларнинг жабру ситамларини халқимиз ҳам бир неча марта тортди. Уларнинг энг сўнггиси “ўзбеклар иши” эди.

Бу ҳақда Игорь Буничнинг “Партиянинг олтинлари” китобида қисқача тўхталиб ўтилган. Коммунистик партия ва унинг доҳийларининг кирдикорлари фош этилган ушбу китоб ўз вақтида катта шов-шувларга сабаб бўлган эди. Китобда халқимизни “порахўр”, “ўғри-муттаҳам”га чиқарганларнинг ўзлари энг катта ўғри-каззоб бўлганлиги, бу кампаниянинг бошида турганлар “ўзбеклар иши”, “пахта иши”дан ғаразли сиёсий мақсадлари йўлида фойдаланганликлари очиқ-ойдин баён этилган.

Китобдан олинган ушбу парча ўқувчилар эътиборига ҳавола этилади.

“… Ниҳоят, Андропов яна бир зарба берди. Бу зарбага у анчадан бери – 70 йилларнинг бошидан бери тайёргарлик кўрарди. Бу галги зарба – Ўрта Осиёга қаратилганди.

1983 йилнинг илиқ апрель кунларидан бирида Бухорода, тўғридан-тўғри кўчада шаҳар УБХССнинг бошлиғи Аҳат Музаффаров қўлга олинади. Москвадан келган КГБ бригадаси ҳеч қандай такаллуфсиз унинг қўлига кишан уриб, самолётда пойтахтга жўнатади. Бир вақтнинг ўзида маҳаллий милиция раҳбариятидан ва савдо зодагонларидан яна олти киши қамоққа олинди… Тергов қисқа муддатда тўғридан-тўғри Бухоро вилояти партия қўмитасининг қароргоҳига, “Қизил чорбоқ” деган жойга, вилоят қўмитасининг биринчи котиби Абдувоҳид Каримовнинг кабинетига олиб келди. Бутун дунёга донғи кетган “ўзбеклар иши” бошланди.

Музаффаров кўп ҳам тихирлик қилмасдан, порахўрлик ва ўғрилик борасида ҳамтовоқлар устидан тезгина кўрсатмалар бера бошлади. Жумладан, Ички ишлар министрининг биринчи ўринбосари Давидовга қарши кўрсатма берди. Давидов сўроқни кутиб ўтирмай ўзини-ўзи ўлдирди. Бироқ у бир оз ғалатироқ усул билан бошига пистолетдан уч марта ўқ узишга улгурган эди. Бутун Ўзбекистон бўйлаб шундай ўзини-ўзи ўлдиришлар бошланди. Музаффаров билан Каримовдан бошланган излар Ўзбекистон Ички ишлар министри Эргашевга ва ундан Щелковга, Чурбановга, Сиёсий бюро аъзоларига, марҳум Брежневга олиб борарди. Бу ишдан яна бир бошқа катта иш – пахтани қайта ишлаш саноатидаги ўғирликлар ҳақидаги иш ажралиб чиқди. Министрликнинг ҳамма аппарати ва бошқармаларининг ҳамма бошлиқлари қамоққа олинди.

Бу ишни СССР Бош прокурори ҳузуридаги алоҳида муҳим ишлар бўйича терговчи Гдлян ва унинг ёрдамчиси Николай Иванов қабул қилиб олди. Уларга Андропов шахсан кўрсатма бериб улгурган эди. Андропов уларга фаолият кўрсатишда тўла эркинлик берган эди…

Ишда борган сари янги ва янги фамилиялар қалқиб чиқа бошлади: Лигачёв, Соломонцев, Рекунков (Бош прокурор), Теребилов, Гусев, Афанасьев, Георгадзе. Андропов кўп нарсани кўриб пишиб кетган эди. Аммо бу фамилиялар уни ҳам ҳанг-манг қилиб қўйди.

Энди унинг олдида иккита йўл бор эди: ё номенклатура мулкининг қоқ юрагига зарба бериш ёки шу ерда тўхташ лозим эди. Бироқ бош штабни ва порахўрликнинг миясини сақлаб қолса, бутун кураш беҳуда кетарди. Партия номенклатурасининг олий раҳбарларини қамаш ва уйларида тинтув ўтказиш учун ҳафсала билан тузилган рўйхатлар тайёрлаб қўйилган эди.

Георгадзедан бошлашга қарор қилишди. У кўпдан бери СССР Олий Совети Президумининг котиби лавозимини эгаллаб келарди. Бу етарли даражадаги юксак мансаб эди. Лекин Георгадзе лоақал Марказқўмнинг аъзоси ҳам бўлган эмас. Унинг бутун умри номзодликда ўтган.

Операцияни ўтказгунча жуда қаттиқ сир сақлашди. Негаки, Георгадзе номенклатура қатидан жой олмаган бўлмаса-да, уни бир чеккадаги арбоб деб ҳам айтиб бўлмасди. У ўртоқ Сталин замонларидан бери Кремлда ўтирарди. Доҳийнинг ўзи унга ҳомийлик қилган – уни бир марта ҳам қамамаган. Терговчилар Георгадзенинг пўлат қутиларидан ва уйининг яширин жойларидан 8 килограмм жавоҳир ва олмос, 100 та олтин ёмби (ҳар бири 20 килограммдан), 40 миллион сўм совет пули, 2 миллион доллар, ҳовуч-ҳовуч узук, исирға, маржон, Леонардо да Винчи, Рубенс, Ван-Дейк, Айвазовскийнинг суратларини топишди. Ҳаммаси бўлиб 6 миллиард сўмлик буюм чиқди.

Георгадзе нисбатан майдароқ амалдор эди. Унга нисбатан рутбаси баландроқ одамларникидан нималар чиқиши мумкинлигини ўйлаганда одамнинг юраги орқага тортиб кетарди. Ахир, Георгадзе лоақал Марказқўм аъзоси ҳам эмас эди-я!

Лекин юраклар орзиқадиган ҳеч нарса бўлмади.

Шундан кейин кўп ўтмай Андропов… ғойиб бўлиб қолди. Уни шамоллаб қолган деб, анча вақтгача мамлакатнинг ва дунёнинг бошини қотиришди. Кейин эса Юрий Владимировични элу юртга тобутда кўрсатишди…