Саёҳат учун дунёнинг хавфли мамлакатлари

Иллюстратив сурат

Россиянинг “Aviasales” экспертлари томонидан сайёҳлар бориши хатарли бўлган мамлакатларнинг рўйхати тузилди. Бу борада хулосага келишда сайёҳларнинг шахсий таассуротлари, ташқи сиёсат идорасининг огоҳлантиришлари ҳамда сайёҳлик саноати эълон қилган маълумотларга таянилган. Рўйхат қуйидагича кўриниш олган:

  1. Бразилия. Аксарият сайёҳлар бу мамлакатда юрак ҳовучлаб юради. Сабаби, кутилмаганда талончиликка дуч келиш, бирон юқумли касалликка чалиниш ёки йирик норозилик намойишлари орасига тушиб қолишингиз мумкин.
  2. Туркия. Меҳмонхоналарда буюмларни ўғирлатиб қўйиш, маҳаллий аҳоли томонидан нодўстона муносабат ҳоллари кузатилади. Таъкидланишича, 2018 йилда мамлакатда 19 нафар россиялик ҳалоқ бўлган.
  3. Ҳиндистон. Криминал вазият, сув ва ҳавонинг ифлослиги, шунингдек, юқумли касалликларга чалиниш эҳтимоли катталиги сайёҳларни бу давлатга ташриф буюришни ўйлаб кўришга мажбур этади.
  4. Индонезия. Табиий офатлар тез-тез бўлиб туриши, меҳмонхоналардаги ўғирликлар туфайли Индонезия сайёҳлар учун хавфли мамлакатлар рўйхатида тўртинчи ўринни эгаллаган.
  5. Франция. Мамлакатда “сариқ нимчалилар” ўтказаётган намойишлар ва шу жараёнда юз бераётган тартибсизликлар Европанинг бу гўзал мамлакатига ташриф буюрувчи сайёҳлар оқимига ҳам таъсир қилди.