Давлат дастури ҳақида нималарни биламиз?

2019 йил 17 январда давлатимиз раҳбарининг «2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида” Фармони қабул қилинган.

Фармон билан Ҳаракатлар стратегияси ижросини таъминлаш, шунингдек, Президентнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида:

1. Умумий қиймати 16,9 триллион сўм ва 8,1 миллиард АҚШ долларига тенг лойиҳаларни амалга оширишни назарда давлат дастури тасдиқланди.

2. Давлат дастурида назарда тутилган тадбирларнинг самарали ва ўз вақтида ижро этилишини таъминлаш учун шахсан масъул ҳисобланган Президенти Администрацияси, Вазирлар Маҳкамаси мансабдор шахслари, вазирлик ва идоралар раҳбарлари, мамлакатимизнинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари тегишли иловага мувофиқ мамлакат ҳудудларига бириктирилди.

3. Ҳар ойда Бош вазирнинг вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари раҳбарлари билан биргаликда инвесторлар билан шахсан учрашувларни ўтказиш амалиёти жорий этилди.

4. Ислоҳотларни маслаҳат ва экспертлик жиҳатидан таъминлашни амалга ошириш, шунингдек, жамият ва давлат ҳаётини ислоҳ қилиш, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг долзарб масалалари, жумладан, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш юзасидан таклифлар ишлаб чиқишга қаратилган Президент ҳузуридаги Эксперт кенгаши ташкил этилди.

5. Капитали 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида бўлган Ўзбекистон Республикасининг тўғридан-тўғри инвестициялар жамғармасини ташкил этиш ҳақидаги таклиф маъқулланди ва унинг асосий вазифалари белгилаб берилди.

6.  Президент Администрацияси тузилмасида Халқаро рейтинглар билан ишлаш ва “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш ишларини мувофиқлаштириш шўъбаси, вазирлик ва идораларда – “Электрон ҳукумат” тизимини жорий этиш учун масъул бўлган ихтисослашган таркибий бўлинмалар ташкил этиш белгиланди.

7. 2019 йил 1 мартдан бошлаб болаликдан ногиронлиги бўлган фарзанди бор оналарга, улар пенсия ёшига тўлгандан сўнг, агар уларда пенсия тайинлаш учун зарур стаж мавжуд бўлмаса, ижтимоий нафақа тўланиши белгилаб қўйилди.

8. 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб:

олий таълим муассасаларига ҳужжатларни давлат хизматлари марказлари орқали қабул қилиш тартиби босқичма-босқич жорий этилади;

муддатли ҳарбий хизматни ўтаган ва ҳарбий қисмлар қўмондонлигининг тавсияномасига эга шахслардан иборат абитуриентлар учун олий таълим муассасаларига ўқишга кириш учун ушбу шахслар ўртасида ўтказиладиган танлов асосида алоҳида квоталар ажратиш тартиби киритилади;

2019/2020 йилдан олий таълим муассасалари талабаларни қабул қилиш квоталарини мустақил равишда белгилайди.

PS: Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирларнинг айримлари келтирилди.