Криштиан Роналду қора рангли бутсаларни ёқтирмаслиги сабабини айтди

Фото: sports.ru

“Ювентус” таркибида тўп сураётган португалиялик футболчига қора рангли бутсалар ёқмаслиги маълум бўлди.  “Nike Football Footwear”  вице-президенти Макс Блау бу ҳақда шундай дейди: “Унинг айтишича, қора ранг секинлик белгиси, у эса ўзини тезкор кўринишини хоҳлайди”. Бу фикрга Луис Суарес ҳам қўшилиб: “Қора рангли бутсалар ўтмишда қолди. Болалигимда, бутсанинг ранги ҳақида гап бўлмасди. Ўйлашимча, у кунлар ортда қолганини ҳамма тушунади”.

Қисқаси, рангли бутсалар жуда тез урф бўлиб кетди. 2010 йилда англиялик ёш футболчилар ўртасида ўтказилган сўровдан маълум бўлдики, уларнинг 74 фоизи майдонга рангли бутсаларда тушишаркан. 1996 йилда бу борада ўтказилган сўровда футболчиларнинг 100 фоизи бутслари қора рангда эканини айтган эдилар.

1998 йилда “Nike” компанияси Роналдо учун махсус рангли – кумушранг-кўкиш рангли “Mercurial” бутсасини тайёрлаб беради. Бу синтетик материалдан тайёрланган илк бутса бўлиб, тез орада катта муваффақият қозонди. Футбол мухлислари бу бутсани илк марта 1998 йилда бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида кўрдилар ва шу билан рангли бутсалар асри бошланди.

Лекин, рангли бутсалар ҳаммага ҳам хуш келмаган. Мисол учун афсонавий мураббий Алекс Фергюсон “Менга бунақа замонавий бутсалар умуман ёқмайди. Бироқ бу катта бизнес эканига, футболнинг ортидан уларни ишлаб чиқараётганлар юзлаб миллион фунт топаётганларини биламан. Эҳ, улар ёшлар қирмизи ёки сариқ рангли бутсаларни харид қилишлари учун нималарни ўйлаб топишмаяпти”, – деб ўз норозилигини билдирган.