43 грамм гўшт дунёни ҳалокатдан қутқаради

Фото:boroda.online

Германияда чоп этиладиган “Der Spiegel” журнали экология мавзусида эътиборни жалб этадиган мақола чоп этди. Унда айтилишича, бугунги кунда инсоният озиқ-овқат масаласида жиддий муаммоларга дуч келган. Озиқ-овқатга бўлган талабимиз нафақат соғлигимизга, балки сайёрамизнинг эртасига ҳам хавф солмоқда. Ҳозирда дунё аҳолисининг 40 фоизи, яъни 3 млрд одам тўлақонли овқатланмаётган, 820 млн инсон тўйиб еб-ичмаётган бўлса, 2,2 млрд киши ортиқча вазн, ҳатто ёғ босишдан азият чекмоқда. Ортиқча вазн эса қон-томир, диабет ва саратон касалликлари кўпайишининг асосий омилларидандир.

Айни шу мавзуда “The Lancet” илмий журналида эълон қилинган мақола жаҳоннинг 16 та мамлакатида яшовчи 37 экспертнинг хулосалари асосида ёзилган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, озиқ-овқат маҳсулотлари етиштириш учун сайёрамизнинг тахминан 40 фоизи еридан ва чучук сувнинг 70 фоизидан фойдаланилади. Бундан ташқари, озиқ-овқат саноати иссиқхона эффектига ўзининг 30 фоизлик “улушини” қўшиб келмоқда.

Ҳар иккала мақолада шундай фикр илгари сурилган: табиатга зарар етказиш миқдорини камайтириш мумкин. Бунинг учун эса, озиқ-овқат истеъмоли борасида ҳам инсоният муайян ўзгаришларни амалга ошириши лозим. Жумладан, мутахассислар мол гўшти ва шакар истеъмолини икки баробарга камайтиришни тавсия этаяпти. Фойдали озиқ-овқатлар, биринчи навбатда, мева-сабзавотлар истеъмолини эса аксинча, икки баробар кўпайтириш зарурлигини таъкидламоқдалар. Йирик ўзгаришлар, сезиларли натижаларга эришиш учун эса ҳар бир мамлакатдан қатъият талаб этиларкан.

Тадқиқотчилар ҳам соғлигимизни, ҳам атроф-муҳит софлигини сақлаб қолиш учун, ҳатто кунлик таомнома рўйхатини ҳам тузиб чиқишган. Унга кўра, бир кунда одам 7 грамм мол, чўчқа ёки қўй, 29 грамм парранда гўшти, 28 грамм балиқ, 13 грамм тухум, 30 грамм шакар, 550 грамм мева-сабзавот (ундан фақатгина 50 грами таркибида крахмал сақловчилар), 230 грамм дуккакли маҳсулотлар, яъни буғдой, гуруч, жўхори, 125 грамм ясмиқ дони, ёнғоқ ва нўхат, 250 грамм сут маҳсулотлари ҳамда 50 грамм мой ва ёғ истеъмол қилиши лозим экан.

“Албатта, ҳеч ким бир кунда 7 грамм гўшт ейиш билан чекланмайди. Бироқ битта бутерброд ёки гамбургер истеъмоли аслида жуда кўпдир, – дейилади мақолада. – Хўш, қандай қилиб юқоридаги каби натижаларга эришиш мумкин? Бунинг учун, аввало,  носоғлом овқатланишга сабаб бўладиган озиқ-овқат маҳсулотлари рекламасини қатъий чеклаш ҳамда уларнинг нархини атроф-муҳитга етказилаётган зарар билан мувофиқлаштириш лозим. Шунингдек, озиқ-овқат чиқиндилари миқдорини икки баробарга қисқартириш шарт. Маълумотларга кўра, биргина Германиянинг ўзида ҳар йили 11 млн тонна озиқ-овқат чиқити пайдо бўлади”.

Албатта, одамларда юқоридаги каби кўникмаларни ҳосил қилиш қийин. Лекин, илож қанча? Инсониятнинг ягона бошпанаси бўлган она Ерни глобал ҳалокатдан асраш атроф-муҳит мусаффолиги билан ҳам боғлиқ экан, бундан ўзга чорамиз йўқ. Хуллас, ҳар куни 43 грамдан ортиқ гўшт истеъмол қилманг ва Она табиат муҳофазасига ўз ҳиссангизни қўшинг. Мазали нон кабоб ёки гамбургер тановвул қилаётганда ундаги 43 грамм гўштни етиштириш учун қанча пичан ўрилгани, қанча дарахт кесилгани ва қанча сув сарф этилганини кўз ўнгингизга келтиринг!