СУД РАИСИ НЕГА ХОДИМИНИ КАЛТАКЛАДИ?

Бош прокуратуранинг маълум қилишича, бу саволга ушбу ҳолат юзасидан тергов олди текширув ишлари якунлангач, ойдинлик киритилади.

Гап шундаки, жорий йилнинг 15 февраль куни Навоий вилоят маъмурий ишлар бўйича суди раиси Отабек Тошев ушбу судда компьютер созловчиси бўлиб ишлайдиган ходим Дилшод Норовни ҳамкасбларининг кўз ўнгида ерга йиқитиб тепкилаган.

– Аввал ҳақоратлаб, пультни отиб юбордилар. Жаҳл устида келиб, бошимга урдилар ўнг қўллари билан. Бошимга урган пайти пастга қарагандим, кутилмаганда бутимга тепди. Шунда йиқилдим ерга. Кўзимдан ўт чиқиб кетди. Ай, дедим. Ёрдамга чақирдим, – деган жабрланувчи хорижий радио мухбирига.

Калтак егани учун юролмай қолган Д.Норов шу кун вилоят касалхонасининг жарроҳлик бўлимига ётқизилган.

Мазкур ҳолат бўйича Навоий шаҳар прокуратураси томонидан суриштирув ишлари олиб борилаётгани айтилган. Ундан Отабек Тошев устидан ариза ёздириб олингани ҳам таъкидланган.