Давлат мулки объектларидан фойдаланиш самарадорлиги оширилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 19 февралдаги “Давлат мулки объектларидан самарали фойдаланиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида​”ги Фармони матбуотда эълон қилинди.

Фармонга биноан:

Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси қошидаги “Электрон онлайн-аукционларни ташкил қилиш маркази” давлат унитар корхонаси Давлат активларини бошқариш агентлиги тасарруфига ўтказилади;

давлат мулки объектларини (акциялардан ташқари) сотиш бўйича савдолар “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасида амалга оширилади;

2019 йил 1 июлдан бошлаб давлат кўчмас мулк объектларини ижарага бериш бўйича савдолар “E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончаси орқали амалга оширилади.

“E-IJRO AUKSION” электрон савдо майдончасига 1 сўмга тенг қийматдаги бошланғич нарх бўйича қўйилган давлат кўчмас мулк объектлари улар тўлиқ сотилмагунга қадар савдолардан олинмайди;

2019 йил 1 мартдан бошлаб агар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ёки Вазирлар Маҳкамаси ёхуд Давлат тендер комиссиясининг қарорлари билан бошқача тартиб ўрнатилмаган бўлса, давлат кўчмас мулк объектлари ва давлат улушлари учун сотиб олиш тўловларини тўлашда, савдолар ўтказилган санадаги белгиланган энг кам иш ҳақи (кейинги ўринда – ЭКИҲ) баравари миқдорида ҳисобланадиган сотиб олиш тўловлари миқдоридан келиб чиққан ҳолда, сотиб олиш тўловларини тўлашнинг қуйидагича белгиланган муддатлари жорий этилади:

ЭКИҲнинг 3 000 бараваригача – олди-сотди шартномаси тузилган кундан бошлаб уч ойдан кўп бўлмаган муддатда;

ЭКИҲнинг 3 000 бараваридан юқори, лекин ЭКИҲнинг 7 000 бараваридан кўп бўлмаганда – олди-сотди шартномаси тузилган кундан бошлаб олти ойдан кўп бўлмаган муддатда;

ЭКИҲнинг 7 000 бараваридан юқори, лекин ЭКИҲнинг 15 000 бараваридан кўп бўлмаганда – олди-сотди шартномаси тузилган кундан бошлаб бир йилдан кўп бўлмаган муддатда;

ЭКИҲнинг 15 000 бараваридан юқори, лекин ЭКИҲнинг 20 000 бараваридан кўп бўлмаганда – олди-сотди шартномаси тузилган кундан бошлаб икки йилдан кўп бўлмаган муддатда;

ЭКИҲнинг 20 000 бараваридан юқори бўлганда – олди-сотди шартномаси тузилган кундан бошлаб уч йилдан кўп бўлмаган муддатда.

“Ноль” харид қийматида сотишда, шу жумладан, аввал сотилган давлат мулки объектлари бўйича инвестиция мажбуриятлари бажарилган деб қабул қилинган пайтдан бошлаб бир йил давомида янги иш ўринларини сақлаб қолиш тартиби бекор қилинади.