Шимолий Кореяда Кока-Кола ичиш таъқиқланган. Бу мамлакатда яна нималар мумкин эмас

Фото: espanarusa.com

Корея Халқ Демократик Республикаси кўп жиҳатдан ажабтовур мамлакат. Мисол учун, дунёнинг барча давлатларида бўлиши зарар бўлган ва улардан аҳоли фойдаланиши оддий ҳолга айланган нарсаларга бу ерда чеклов ўрнатилган. Қуйидаги сатрларни ўқишга ўзингизда бардош топсангиз, улардан айримларини билиб оласиз ва булар Сиз учун қизқарли бўлиши табиий.

Кока-Кола

Мамлакатда Кока-Кола ичиш қонун билан таъқиқланган. Ҳукуматнинг фикрича, бу Шимолий Корея давлати бошига азоб-уқубат келтирган Америка армиясининг рамзларидан биридир.

Лекин дўконлардан бемалол Пепси, Коланинг ўрнини босувчи маҳаллий ва Хитойда ишлаб чиқарилган ичимликларни, шунингдек, Кока-Кола концернининг бошқа ичимликлари Спрайт, Фанта ва бошқаларни сотиб олиш мумкин.

КЎК РАНГЛИ ЖИНСИЛАР

Агар кўча-кўйда кўк рангли жинси кийган бирон киши учраб қолса, уни 200 фоизлик ишонч билан хорижлик деб, ҳисоблаш мумкин. Чунки, мамлакат фуқароларидан биронтаси бу рангдаги жинси шим киймайди. Сабаби – кўк рангли жинси ҳам Шимолий Корея учун Америка тимсоли. Сотиш ва кийиш таъқиқлангани учун, одамлар қора бозордан бундай шимларни харид қилишга ҳам қўрқадилар. Ҳатто, мамлакатга сафар қилиш ниятидаги хорижликларга сайёҳлик ширкатлари иложи борича кўк рангли жинси киймасликни маслаҳат беради.

Кўк рангли жинси кийган хорижликлар фақат бир жойга – Мавзолейга бундай кийимда боришлари мумкин эмас.

Тампонлар

Аёллар гигиенаси учун зарур бўлган бу буюмдан фойдаланиш нима учун мумкин эмаслиги номаълум, бироқ маълуми шуки, кореялик аёлларга ушбу шахсий гигиена воситасини ишлатишларига таъқиқ қўйилган эди.

Кейинги йилларда бу борадаги сиёсат бироз юмшатилди. Гигиеник воситаларни фақатгина мамлакатда ягона бўлган пойтахт Пхеняндаги супермаркетдан харид қилиш мумкин. Бироқ сотувдан фақат гигеник пакетларни топиш мумкин.

Интернет

Шимолий Корея  – Бутунжаҳон ўргимчак тўрига уланмаган дунёдаги ягона давлат ҳисобланади. Интернетга уланиш муҳим давлат ишлари билан шуғулланадиган алоҳида тоифадаги юқори лавозимли давлат амалдорлари ва уларнинг айрим ходимларига рухсат этилган. Оддий одамлар эса бундай имкониятни тушларида ҳам кўришмайди.

Мамлакатнинг ўз ички тармоғи бўлиб, у кўпроқ эски форматдаги локал тармоқларга ўхшайди ва атиги бир нечта сайт билан боғланган ва улар ҳам давлат томонидан назорат қилинади.

ИЖТИМОИЙ ТАРМОҚЛАР

Интернет бўлмагандан кейин, ижтимоий тармоқларга йўл бўлсин. Ҳатто, миллий ижтимоий тармоқларга ҳам рухсат йўқ. Шу боисдан, маҳаллий аҳоли қўл телефонида селфи қилаётган ёки видеотасвирга олаётган хорижликларни кўрганларида анграйиб қоладилар.

СОЛИҚЛАР

Шимолий Кореяда эса солиқлар йўқлиги хорижликларни ҳайратга солади. Фуқаролар даромад солиғи тўламайди, дўконларда маҳсулотларга қўшимча қиймат солиғи қўшилмайди, корхоналар учун фойда солиғи йўқ, алкогол ва сигарет маҳсулотлари учун акциз солиқлари жорий этилмаган.

Унда давлат бюджети нимани ҳисобидан шаклланади? Мамлакат иқтисодий тизимини бош директор бошқарадиган йирик бир корхонага ўхшатиш мумкин. Давлат корхоналарининг даромадлари тўғридан-тўғри бюджетга тушади.

ЭСКИ ГАЗЕТАЛАР

Бирон бир кутубхонадан, биронта хонадондан эски газеталар тахламини топиб бўлмайди. Ҳукуматнинг фикрига кўра, давлатни тўғри йўлдан бошқариб боришнинг бу ҳам бир йўли. Фуқаролар давлат раҳбарияти шаънига ишора қилинган бирон бир жумла ёки ўтган даврдаги гап-сўзларни ҳозирги замонда эсга олмасликлари учун уларга эски газеталарни сақлаш ва ўқиш таъқиқланган. Бу жараён доимий назоратда бўлиши учун газеталарга обуна бўлиш, уларни матбуот дўконларидан харид қилишнинг иложи йўқ. Газеталар метро, автобус бекатлари, корхона ва хиёбонлардаги махсус стендларга осиб қўйилади ва кечқурунга бориб йиғиштириб олинади ва йўқ қилинади.

Хорижда чоп этилган газета, журналлар, умуман барча турдаги адабиётларни олиб келиш ва тарқатиш ҳам таъқиқлаб қўйилган.