Амирликларда озган одам олтин олади. Японияда эса семизлар жаримага тортилади

Фото: menslife.com

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, ҳар йили сайёрамизда 2,8 млн киши ортиқча вазн ва организмда ортиқча ёғ тўпланиши туфайли ҳаётдан кўз юммоқда. Бу муаммо асосан, даромади паст ва ўрта бўлган давлатларда кузатилаяпти.

Аслида, бу “дард”ни ҳеч ким ўзи истаб “сотиб” олмайди ёки атайлаб семиришга ҳаракат қилмайди. Чунки, семизликнинг соғликка зарари кўп. Халқимизда, семизликни қўй кўтаради, деган нақл бежизга айтилмаган.

Ортиқча вазнга, содда қилиб айтганда, семизликка қарши турли давлатларда турлича усуллар билан курашилади. Жумладан, Японияда йилига бир марта корхоналарда ўтказиладиган тадбирда эркак ва аёллар белининг айланаси ўлчаб кўрилади. Белгиланган меъёрдан ошганлик аниқланса, бундай шахслар жаримага тортилади. Бу борада мамлакатда тегишли қонун қабул қилинган. Ушбу қонунга кўра, кун чиқар мамлакатининг 40 дан 75 ёшгача бўлган ҳар бир фуқароси ҳар йили мажбурий тарзда “бел ўлчаш” кўригидан ўтиши шарт. Белгиланган меъёрга кўра, эркакларнинг бел айланаси 90, аёлларники 80 сантиметрдан ошмаслиги лозим.

Мутахассисларнинг айтишича, бу ўлчамлардан бир неча сантиметр ортиқ натижа аниқланса ҳам, семизлик аломати сифатида баҳоланади. Рақам 86 дан ошса, организмда модда алмашинуви бузилиши ва қон-томир, онкологик касалликларига чалиниш хавфи юқори, деб баҳоланади. Мисол учун, эркакларнинг бел айланаси меъёр бўйича 92 см дан ошмаслиги лозим бўлгани ҳолда, 102 см га етса, организмда ортиқча ёғ тўпланган, деб малакаланади.

Мамлакатда 2008 йилда қабул қилинган “Метабо” қонунига биноан, юқорида айтилганидек, қонунда ёш доираси кўрсатилган ҳар бир япониялик эркак-аёл “белни ўлчаш” кўригидан ўтиши шарт. Бу жараёнда кимдаки ортиқча вазн борлиги аниқланса, у мажбурий тартибда диетолог қабулига бориши ва ундан озишга доир тавсияларни олиб, бажариши шарт. Қонун талабини бажармаганларга эса жарима солинади.

Янги Зеландияда эса ушбу мамлакатнинг фуқаролигини олиш истагида бўлганлар тиббий кўрикдан ўтишлари лозим. Агар номзоднинг вазни белгиланган меъёрдан ортиқ бўлса, унга фуқаролик берилмайди. Бундан мақсад – соғлиқни сақлаш тизимига ортиқча маблағ ажратилишининг олдини олиш: Янги Зеландияда яшашни истовчилар кўп, уларнинг соғлигини сақлашга эса маблағ етарли эмас.

Бирлашган Араб Амирликларида озиш бўйича танлов ўтказиш йўлга қўйилган. Унинг иштирокчилари йўқотилган ҳар бир килограмм учун 2 кг олтин билан тақдирланади. Мисол учун, 2013 йилда танловда ғолиб чиққан 2468 нафар ғолиб учун 16,8 кг олтин берилган.

Бундан ташқари, Дубайда “Gov Games” деб номланган озиш ўйини ташкил этилган. Унда иштирок этадиган юзлаб аёллар 2 млн дирҳамни ўзаро бўлиб олиш учун беллашадилар.

Жанубий Америкадаги Чили давлатида семизлик дардидан кўпроқ болалар азият чекишади. Шу боисдан, ТВда болалар учун мўлжалланган кўрсатувлар вақтида ортиқча вазнга сабаб бўладиган маҳсулотлар реклама қилинмайди. Шунингдек, бу турдаги маҳсулотлар рекламасида болаларнинг овозидан фойдаланиш  таъқиқланган. Мактаб ошхона ва дўконларида эса шоколда ва чипслар сотишга рухсат берилмайди.