Америкалик талабалар Ўзбекистонга келишни режалаштирмоқда

Фото: wegstudents.com

Яқинда мамлакатимизнинг АҚШдаги элчихонасида Америка университети талабаларининг бир гуруҳи билан учрашув бўлиб ўтди.

         Вашингтон шаҳрида 1893 йилда ташкил этилган Америка университети жаҳондаги етакчи олий ўқув юртларидан бири саналади. Бу ерда халқаро муносабатлар, иқтисодий ривожланиш, социология ва бошқа йўналишларда мутахассислар тайёрланади. Университетнинг собиқ талабалари АҚШ ва хорижий ҳукуматларда юқори лавозимларда фаолият кўрсатмоқда. Битирувчилар орасида халқаро ОАВларда етакчи журналист сифатида,  турли мамлакатларда молия ва бизнес соҳасида муваффақиятли меҳнат қилаётганлар кўпчиликни ташкил этади.

         Элчихонадаги учрашув Америка мамлакатларидаги ёшлар ассоциацияси ташаббуси билан ташкил этилди. Уюшмага 2018 йилда Вашингтон шаҳрида асос солинган бўлиб, ўзбекистонлик ёшларни маданий ва маърифий тадбирлар уюштириш орқали бирлаштириб туради. Шунингдек, ташкилот икки мамлакат олий ўқув юртлари ўртасида кўприк ролини ҳам бажаради.

         Учрашувда Америка университети талабаларидан бир гуруҳи 10-17 март кунлари мамлакатимиз билан танишиш мақсадида Ўзбекистонга ташриф буюриши хусусида келишиб олинди. Гуруҳ таркибидаги талабалар дунёнинг 10 га яқин мамлакатлари вакилларидир. Америкалик талабаларнинг юртимизга сафари давомида кўплаб қизиқарли тадбир ва учрашувлар ўтказиш, Тошкент ва Самарқанд шаҳарларининг диққатга сазовор жойларига саёҳат уюштириш кўзда тутилган.