Инсоният ҳалокатига сабаб бўлувчи эҳтимолий 9 та сабаб

Фото: copywriter-yastrebova.com

“The Global Challenges Foundation” ташкилоти ўзининг “Глобал ҳалокат хавфлари” деб номланган йиллик ҳисоботини эълон қилди. Ҳисоботда инсоният ҳаётига хавф солувчи 9 та хавф ҳақида сўз юритилган.

1. Ядро уруши (экспертларнинг фикрича, ҳозирда бу хавф 10 йил илгаригига қараганда анча ошган). Ушбу уруш туфайли нафақат инсоният қирилиб кетиши, Ер юзидан шаҳар-қишлоқлар супуриб ташланиши, нурланиш касаллиги хуруж қилиши, “кичик музлик даври” бошланиши ҳам мумкин.

2. Биологик ва кимёвий қуроллар. Нашрнинг баён қилишича, бу турдаги қуролларни ишлаб чиқариш бирмунча арзонга тушади, микробларни модификациялаш эса бугунги кунда муаммо бўлмай қолган.

3. Иқлимнинг ҳалокатли даражада ўзгариши. Сайёрамизда ҳаво ҳарорати Цельси шкаласи бўйича 3 даражага қадар кўтарилиши эҳтимоли мавжуд. Бу ҳолда Нью-Йорк ва бошқа соҳилбўйи шаҳарлари сув остида қолади ва миллиардлаб инсонлар бошпанасиз қолишлари мумкин.

4. Экологик коллапсис. «Атроф-муҳитнинг ифлосланиши, дунё бўйлаб ғайритабиий биологик турлар миграцияси ҳамда жойларнинг табиий ҳолати ўзгариши – буларнинг барчаси мавжуд эко тизим учун хатарли», – дея таъкидлаган нашр. Мувозанат бузилиши оқибатида чучук сув танқислиги вужудга келади, тупроқ таркиби тузилиб, биохилмахиллик сусайиб кетади.

5. Пандемия. Экспертларни хавотирга солаётган муаммолардан яна бири инсоният организми ҳимояланишга қодир бўлмаган янги касаллик турларининг пайдо бўлишидир. Шунингдек, аҳоли зич яшайдиган шаҳарларда касаллик қўзғатувчи микробларнинг пайдо бўлиши ва уларнинг антибиотикларга чидамлигидир.

6. Ернинг астероид билан тўқнашуви. «Илмий маълумотларга кўра, Ердаги ҳаётнинг барбод бўлишига сабаб бўлувчи бундай тўқнашувлар ўртача ҳар 120 минг йилда бир маротаба бўлар экан. Экспертларнинг хавотир билдиришича, самовий “келгинди” билан сайёрамизнинг тўқнашуви оқибатида пайдо бўладиган чанг ва тутунлар булути атмосферага кўтарилиб, бир неча ой давомида қуёшни тўсиб қўйиши мумкин. Бунинг оқибатида табиий мувозанат издан чиқади. Натижада юз миллионлаб одамлар ҳалок бўлади.

7. Супервулқон отилиши (атмосферага камида 400 куб. км лава ва  бошқа моддалар чиқарилиши). Вулқоншуносларнинг фикрича, бундай ҳодиса ўртача ҳар 17 минг йилда бир марта содир бўлади. Бунинг оқибатида одамлар ва ҳайвонлар ялпи ҳалок бўлиши, қишлоқ хўжалиги инфраструктураси издан чиқиши, глобал совуш бошланиши мумкин.

8. Қуёш геоинженерияси. Ҳаво таркибида ноодатий унсурларнинг кўпайиши, мисол учун аэрозоллар, қуёш нури ва иссиқлик даражасининг, глобал исишнинг ортиб бориши оқибатида сайёрамиздаги барча тирик мавжудотларга зарар етади. Қўшимчасига геоинженерия жараёни тезлашади, табиий ва ижтимоий тизимлар бу ҳолатга мослаша олмайди.

9. Сунъий интеллект. Ҳисобот муаллифларининг айтишича, роботлар интеллект даражаси бўйича одамлардан ўзиб кетади ва бу ҳол инсоният келажагини хавф остига қўяди.