АМЕРИКАНИНГ ЭНГ ЙИРИК ГАЗЕТАСИ

“The New York Times” газетаси Нью-Йоркда чоп этиладиган кундалик газета бўлиб, 1851 йил 18 сентябрдан буён нашр этилади. Нусхаси жиҳатидан АҚШда йирик газеталардан бири ҳисобланади. У ҳам Американинг кўплаб газеталари сингари минтақавий газета сифатида ташкил этилган. Бироқ, ушбу омил газетанинг аввалига бутун АҚШда, кейинчалик бутун дунёдаги энг нуфузли нашрлардан бирига айланишига халал бермади.

Газетанинг бир кунда чоп этилиш нусхаси 1,379,806 (2014 йил сентябрь) ташкил этади.

1896 йилдан буён газетага Окс-Зульцбергерлар сулоласи эгалик қилиб келмоқда. Ушбу оилага газета акцияларининг 88 фоизи тегишли. Газета муассисининг номи “The New York Times Company”. Мазкур нашр Россияни танқид қилувчи мақолалар чоп этиши билан ҳам танилган.

Газетанинг штаб-квартираси Нью-Йорк шаҳрида жойлашган. 1996 йилдан буён унинг веб-сайти ҳам фаолият юритмоқда. Ташриф буюрувчилар сони жиҳатидан энг олд сайтлардан биридир. Газета сайтига бир ойда ўн миллионлаб одам киради. Ундаги айрим мақолаларни ўқиш учун рўйхатдан ўтиш талаб этилади.

Нашрнинг АҚШдан бошқа мамлакатлар учун мўлжалланган тури ҳам мавжуд бўлиб у “International New York Times” деб номланган ва мазмун-мундарижаси жиҳатидан “The New York Times” анча фарқ қилади. Газета дунёдаги 38 та босмахонада чоп этилади ва 160 та мамлакатда тарқатилади.