Дунёдаги энг йирик метрополитенлар

10. Гонконг (Хитой) метрополитени темир йўлларининг узунлиги 258,4 км дан иборат бўлиб, йўловчиларга 172 та станция, шунингдек 68 та тезюрар трамвай станцияси хизмат кўрсатади.

Метронинг биринчи линияси 1979 йилда ишга туширилган. Станцияларнинг барчаси горизонтал лифтлар билан жиҳозланган.

9. Мехико (Мексика) метрополитени катталиги бўйича Шимолий Америкада Нью-Йорк метросидан кейин иккинчи ўринда туради. 195 станция (улардан 24 таси икки ва ундан ортиқ линияларни ўзаро боғлайди) йўловчилар хизматида. 115 станция ер остида жойлашган (максимал чуқурлиги 36 м) бўлиб, 55 таси ер сатҳида, 25 таси эса ер устида қурилган.  

8. Гуанчжоу (Хитой) метроси — 1997 йилдан бошлаб йўловчиларнинг узоғини яқин қила бошлаган. У 14 линия, 259 станция дан иборат бўлиб, йўлларининг узунлиги 476,1 км га тенг.

7. Деҳли (Ҳиндистон) метрополитени –  шаҳарнинг марказий ҳудудларини, шунингдек, Миллий пойтахт округидаги Фаридобод, Гургаон, Ноида ва  Ғозиобод каби йўлдош шаҳарларни ўзаро боғлайди.

2002 йилда иш бошлаган. Бир кунда 2,76 млн йўловчига хизмат кўрсатади. Линиялар сони 8 та, станциялари сони 236 та, темир йўллари узунлиги 326,6 км.

Метро поездлари бир кунда 3 мингга яқин қатновни амалга оширади.

6. Нью-Йорк (АҚШ) метрополитени — станциялари бўйича дунёдаги энг йирик транспорт мажмуи. Маршрутлари сони 27 та. Бир кунда ўрта ҳисобда 5,7 млн йўловчи ташийди. Метрополитенда 472 та станция мавжуд бўлиб, маршрутларнинг узунлиги 394 км ни ташкил этади.

5. Сеул (Жанубий Корея) метрополитени 1974 йил 15 августдан йўловчиларга хизмат кўрсата бошлаган. 9 та линия бўйлаб 316 та станция барпо этилган. Темир йўллар узунлиги 340,6 км га тенг.

4.  Пекин (Хитой) метрополитени 1969 йилда фойдаланишга топширилган. Линиялар сони – 22 та, станциялар сони – 370 та, темир йўл тармоғи узунлиги 608,2 км ни ташкил этади. Бир йилда 3 млрд 209 млн кишина манзилиги элтиб қўяди.

3. Шанхай (Хитой) метрополитени — линиялари узунлиги (676 км) бўйича жаҳонда биринчи ўринда туради. 1993 йилда ишга туширилган метрополитен 16 линия, 413 станциядан иборат. Бир кунда 8,486 млн йўловчига хизмат кўрсатади.

2. Москва метрополитени 1935 йилда ишга туширилган. 14 линия, 233 та станциядан иборат. Йўллар узунлиги 223 км, бир кунда 6,692 млн йўловчига хизмат кўрсатади.

1. Токио метрополитени 1927 йилда фойдаланишга топширилган. 13 та линия, 285 та станциядан иборат. Темир йўллари узунлиги 304,1 км. Бир кунда ўртача 8,8 млн кишига хизмат кўрсатади.