Иқлим ўзгариши: инсоният ҳалокатга маҳкумми?

Фото:zaoios.ru

Охирги 50 йил мобайнида инсон фаолияти, айниқса, ёнилғибоп фойдали қазилмалар ёқилиши натижасида атмосферанинг қуйи қатламида карбонат ангдрид ва бошқа турдаги иссиқхона газлари катта миқдорда тўпланди. Бу ҳолат Ер юзасида ортиқча иссиқлик сақланиб қолиши ва глобал иқлим ўзгаришини бошлаб берди.

Сўнгги 130 йил давомида Ер юзида ҳарорат тахминан 0,85°С га кўтарилди. Денгиз сатҳининг кўтарилиши, музликларнинг эриши, муайян ҳудудга хос бўлмаган об-ҳаво ҳамда экстремал табиат ҳодисаларининг фаоллашуви ва тез-тез юз бериши одатий ҳолга айланиб бормоқда. Бу каби ҳолатлар муайян ҳудуднинг табиий мувозанатини издан чиқариши баробарида, мамлакатларнинг иқтисодига турлича таъсир кўрсатиши табиий. Бундан ташқари, иқлим ўзгариши, ғайриоддий табиат ҳодисалари инсонлар саломатлигига салбий таъсир кўрсатиши ҳам бор гап.

Хўш, иқлим ўзгаришининг одамлар соғлигига зарари борми?

Таъкидланганидек, глобал исишнинг айрим ижобий жиҳатлари ҳам кузатилиши мумкин. Яъни, маълум ҳудудларда ўлим ҳолати камайиши, озиқ-овқат ишлаб чиқариш ҳажми кўпайиши эҳтимолдан холи эмас. Бироқ, иқлим ўзгариши, катта эҳтимол билан айтганда, кўпроқ инсонлар соғлигига салбий таъсир кўрсатади.

Ҳаддан зиёд иссиқ ҳаво

Ҳавонинг меъёрдан ортиқ исиб кетиши асосан катта ёшли одамларга таъсир кўрсатади ва улар орасида қон-томир, нафас аъзолари касалликлар кўпаяди. Мисол учун, 2003 йилнинг ёзида Европа давлатларида кузатилган иссиқ ҳаво туфайли 70 мингга яқин ўлим ҳолати қайд этилган.

Бундан ташқари, юқори ҳарорат туфайли ҳаво таркибида озон миқдори ва бошқа зарарли моддалар миқдори кўпайиб кетиши натижасида қон-томир ва нафас йўллари хасталиклари кўпаяди. Шунингдек, айнан иссиқ ҳаво сабабли ўсимликларнинг чангланиши ҳамда бошқа аэроаллергенлар миқдори ошиб кетади. Булар астмага чалиниш хавфини кучайтириш билан бирга, шу хасалликдан изтироб чекаётган 300 млн га яқин инсон ҳаётини хавф остига қўяди. Бу касалликка чалинганлар сони ҳам табиийки, кўпаяди.

Атмосферадаги ўзгаришлар ва табиий офатлар

Ноқулай об-ҳаво билан боғлиқ табиий офатлар сони 1960 йилгача бўлган даврга нисбатан бугунги кунда қарйиб уч баробар кўпайган. Табиий офатлар сайёрамизда, айниқса, ривожланаётган давлатларда ҳар йили 60 мингта инсонни ҳаётдан олиб кетмоқда.

Денгиз сатҳи кўтарилиши оқибатида кўрилаётган зарар миқдори ҳам кам эмас. Ўзанидан чиққан сувлар тураржойлар, тиббиёт муассасалари бинолари ва бошқа иншоотларни вайрон қилмоқда. Агар дунё аҳолисининг ярми денгиздан 60 км узоқликда яшаётганини инобага олсак, сув сатҳининг кўтарилиб бориши келажакда қандай офатларга сабаб бўлишини тасаввур этиш қийин эмас.

Табиий ёғингарчиликлар тақсимотининг ўзгариши, айниқса, чучук сув заҳираларига салбий таъсир кўрсатаяпти. Ичимлик сувининг етишмаслиги гигиена-санитар ҳолатларини издан чиқариши баробарида, диарея касалликлари кўпайиши хавфини ҳам вужудга келтиради. Шусиз ҳам сайёрамизда ҳар йили 5 ёшгача бўлган болаларнинг 760 минг нафари шу турдаги касалликлар сабабли вафот этаётганини инобатга олсак, бундан келадиган офатнинг кўламини тасаввур этиш қийин эмас. Чучук сув етишмаслиги, шунингдек, қурғоқчилик ва очарчиликка ҳам олиб келади.

Жаҳон соғликни сақлаш ташкилотининг ҳисоб-китобига қараганда, юқоридаги каби ҳолатлага сабаб бўлувчи иқлим ўзгариши туфайли 2030-2050 йиллар мобайнида инсонлар ўртасида 250 минг ўлим ҳолати қайд этилиши мумкин. Хусусан, 38 000 киши ҳаддан ортиқ иссиқ ҳаво туфайли, 48 000 минг киши диарея, 60 000 минг киши безгак ва 95 000 киши тўйиб овқатланмаслик сабабли вафот этади.

Иқлим исиши олдида инсоният ожизми?

Сайёрамизда глобал иқлим исиши соҳа мутахассисларидан ташқари, ҳукуматлар, жамоатчиликни анча йиллардан буён ташқишга солиб келмоқда. Инсоният учун умумий хавф бўлган бу офатга қарши биргаликда курашиш учун халқаро миқёсда турли чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу хавфнинг оқибатлари ҳақида тўхтовсиз бонг урилаяпти. Бироқ, бу борада ҳали сезиларли натижалар кўзга ташланмаяпти. Энг афсусланарлиси, дунё давлатларининг барчаси ҳам сайёрамизнинг глобал исиши ва унинг оқибатида келиб чиқиши мумкин бўлган хавф-хатарларни тўлиқ идрок этгани йўқ. Ҳатто, АҚШдек иқтисоди қудратли давлат ҳам глобал исиш жараёнини секинлатишга ҳисса қўшиш ўрнига, саноати суръати пасайиб кетмаслигини афзал билмоқда.

Хуллас, глобал исиш, иқлим ўзгаришлари инсониятнинг умумий бешиги бўлган она Еримиз учун чинакам хавф-хатарга айланиши кундек равшан. Одам боласининг табиат олдида ожизлиги ҳам исбот талаб қилмайдиган ҳақиқат. Табиий мувозанатнинг бузилиши, глобал исиш, иқлим ўзгаришлари каби ҳолатларнинг юзага келишида инсон омили сезиларли рол ўйнаётгани ҳам кўпчиликка аён. Демак, табиатни, Ердаги ҳаётни асраш ҳам инсониятнинг ўз қўлида. Шундай экан, ўзи уйингга ўт қўйма, одамзот!