Италияда чиқиндиларга қарши қандай курашилмоқда?

Хорижий давлатларда, аввало Европа мамлакатларида бўлганларни биринчи навбатда, шаҳарлар кўчаларининг ниҳоятда тоза, озодалиги ҳайратга солади. Бирон жойда сигарет қолдиғи ёки маҳсулот ўрами ётганлигига кўз тушмайди. Хўш, улар бу натижага қандай эришган? Буни кўҳна қитъанинг қадимий давлатларидан бири бўлган Италия тажрибаси мисолида кўриб чиқамиз.

Бугунги кунда Апеннин ярим оролидаги ушбу давлатда ахлатхона ёки йирик чиқинди полигонларини учратмайсиз. Италияликлар чиқиндилар билан боғлиқ муаммони ҳал этишга 30 йилдан буён курашиб келмоқдалар. 1997 йилда маҳсулотларни ўраш ва қадоқлашда ишлатиладиган қутиларни қайта ишлашга доир қарор кучга кирган бўлса, 1988 йилда қаттиқ чиқиндиларни саралаш тўғрисидаги қонун ҳужжати қабул қилинган. 2006 йилдан эса “Экологик қоидалар” қонунига амал этилаяпти. Ушбу қонун ҳужжатларига мувофиқ деярли барча чиқиндиларнинг қайта ишланиши йўлга қўйилган.

Чиқиндиларни саралаш ва ташиш билан одатда, хусусий компаниялар шуғулланади. Муниципаллардаги ҳар бир шаҳар, қўрғон ва қишлоқ ушбу компаниялар билан шартнома тузган. Унга кўра, мижозлар махсус штрих кодли баклар билан таъминланади, чиқиндиларни ташиш вақти белгилаб олинади. Саралаш тартиби, масалан, пластик билан шиша идишлар битта идишга жойланадими ёки алоҳида-алоҳида бўлиши керакми, деган масалалар келишиб олинади.

Чиқиндиларни ташиш нархи ҳудудга, компаниялар ва оилада неча киши борлигига боғлиқ. Мамлакатда чиқиндиларни ташиш ва қайта ишлаш борасида бир қанча ёндашувлар мавжуд. Биринчиси, “Чиқарилган миқдор бўйича тўлаш” бўлиб, нарх оиладан чиқадиган чиқинди ҳажмидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Иккинчиси, оила сонига кўра белгиланадиган нархдир. Мисол учун, Венето ҳудудида тўрт нафар аъзодан иборат оила чиқинди ташиш хизмат учун бир йилда 250 евро тўлайди. Бир неча йиллар давомида ўтказилган тадқиқотлар натижасига кўра, биринчи тартиб мақсадга мувофиқ деб топилган.

Чиқиндиларни саралашнинг умумий қоидалари мавжуд. Унга кўра фуқаролар чиқиндиларни мустақил равишда ажратиб белгиланган рангдаги пакетларга солиб, кейин ҳар бир чиқинди учун мўлжалланган контейнерларга жойлайдилар, бу қоидага амал қилинмаганда, чиқиндилар олиб кетилмайди.

Чиқинди ташиш билан шуғулланадиган компаниялар ҳар бир оилага штрих-кодли баклар тақдим этади ва бу зарурат пайдо бўлса чиқинди қайси оилага тегишли эканини аниқлашга хизмат қилади. Мисол учун, қуввати тугаган батарейкалар, дори-дармонлар қутилари, аэрозол идишлари алоҳида пакетга, озиқ-овқат қолдиқлари бошқа бир пакетга жойланиб, кўчадаги контейнерларга турига қараб ташланади.

Озиқ-овқатлар қолдиқлари учун кўчага ҳажми 10 литр бўлган жигарранг контейнерлар ўрнатилган бўлиб, улар ҳафтада икки марта ташилади. Ёз кунларида эса ҳафтада бир марта. Пластик ва қаттиқ банкалар шаффоф пакетларга жойланади. Улар ҳар 10 кунда олиб кетилади. Шиша идишлар учун ҳажми 200 литр бўлган яшил рангли контейнер ажратилган бўлиб, улар ҳар ойда бир марта ташилади. Қоғозларни эса қоғоз қутиларга солиш керак бўлади. Ҳатто болалар тагликлари учун алоҳида идиш ажратилган бўлиб, улар озиқ-овқат қолдиқлари билан параллел равишда уч ҳафтада бир марта олиб кетилади. Ҳажми катта кераксиз буюмлар, масалан, диван, музлаткич, жавон, қурилиш чиқиндиларини ташиш учун қўнғироқ қилиб алоҳида буюртма бериш ва нархини келишиб олиш керак бўлади. Ишдан чиққан пичоқлар, кастрюлкалар, гўшт қиймалагич ва электр асбобларини алоҳида чиқинди қабул қилиш пунктларига олиб бориш ва ташиш вақтини гаплашиб олиш лозим.

Мамлакатда чиқиндиларга муносабат борасида ҳам аҳолининг саводхонлигини ошириб бориш йўлга қўйилган. Бунинг учун махсус маълумотномалар тайёрланади, матбуотда ушбу мавзуда чиқишлар қилинади. Чунки, Италияда чиқиндиларни қайси турга мансублигини билиш учун ҳам билим талаб этилади. Масалан, лампочкалар шиша буюм ҳисобланмаслиги учун уларни электр асбоблари учун мўлжалланган идишга, касса чекини эса қоғозларга мўлжалланган идишга эмас, қайта ишланмайдиган чиқиндилар қутисига ташлаш шарт.

Эски кийим-кечаклар учун шаҳар кўчаларида уч турдаги сариқ рангли катта контейнерлар қўйилган. Улардан бирига кўйлак ва шимлар жойланса, иккинчисига пальто, блузкалар, учинчисига эса пойабзаллар, камар ва сумкалар солинади. Бу буюмлар кейин сараланиб, хайрия жамғармаларига ёки қайта ишлашга юборилади. Эски кийимларни шунингдек, айрим дўконларга ҳам топшириш мумкин.

Италиядаги ҳар бир шаҳар ўз шароитидан келиб чиққан ҳолда “чиқинди” қоидабузарлиги бўйича тегишли жавобгарликни белгилаб қўйган. Жарима миқдори оз эмас. Мисол учун, чиқиндилар қоидага кўра сараланмагани учун фуқаро 25 дан 620 еврогача жарима тўлашига тўғри келади. Белгиланган контейнерлардан фойдаланмаган фуқаролар учун эса 25 дан 155 еврогача бўлган жарима қўлланилади. Худди шу тартибдаги жарима маҳаллий муниципалит томонидан белгиланган вақтдан бошқа пайтда кўчага чиқинди олиб чиққанларга ҳам қўлланилади. Бундан кўринадики, Италияда уй чиқиндиларини куннинг исталган соатида кўчага олиб чиқиш мумкин эмас. 100 дан 620 еврогача бўлган жарима эса қоғоз ёки картонларни картон қутиларга солмаган ҳолда чиқинди бакига ташлаганларга қўлланилади. Шуниси ҳам борки, картон қутиларни оғзи очиқ ва боғланган бўлиши шарт.

Лекин, юқоридаги тартибларга мамлакатнинг барча ҳудудида ҳамма бирдай амал қилавермайди. Масалан, шимолдагилар бу борада ниҳоятда тартибли бўлса, жанубда яшовчилар бу борада қоидабузарликлар содир этишда пешқадамлик қилади.