Муҳаммад ИСМОИЛ

Шеърият

ЭРГАШ

Ахмоқнинг кўзи кўрдир, ақлли дўстга эргаш.

Мақтанчоқнинг сўзи зўр, ўзи зўр зўрга эргаш.

Омади чопган дўстнинг олдига чоп, омад топ.

Иймонсиз зўрга эмас, иймонли кўрга эргаш.

ДЎРМОНДА

Ҳилпирайди терак барглари,

Қўшиғидан ором олар жон.

Тўлиб кетди,  юрак дардлари

Сенга келдим, жонажон Дўрмон.

Катта-кичик юлдузлар балқиб,

Нур сочгандек осмон тоқида.

Туни бўйи қаламкаш халқи,

Зиё сочар,  ижод боғида.

Кимдир ёзар элу-юрт учун,

Ҳақиқатни излаб кимдир қон.

Кимдир қолар тарихда бугун,

Кимдандир шеър кутмоқда замон.

Кимдир бугун битса гар баёт

Балки қўшиқ бўлар эл аро.

Кимдир бугун шеър ёзиб, хайҳот

Ўз бошига орттирар бало.

Шеър ҳам тирик юргувчи шарҳ ким,

Кимдир гуноҳ, ким топар савоб.

Ким не ёзса, маҳшар кун ҳар ким,

Ёзганига  беради жавоб.

Оппоқ қоғоз узра эгиб бош.

Ёзмоқдаман мен ҳам дил дардим.

Иймонимни айлагин йўлдош,

Адаштирма йўлингдан Тангрим.

Шеърларимга эргашиб  кимдир,

Хато қилар балки мен сабаб.

Тангрим, Ўзинг ишонганимдир,

Ҳеч кимсани қўймайин алдаб.

Аҳли қалам  Дўрмон боғида

Битаётир шеър ёки достон.

Кимдир куйган севги доғида,

Кимнидир лол этмиш кенг жаҳон.

Мен ҳам келдим, менгача ҳам то

Келиб кетди қанча инсонлар.

Ким абадий  шон топди, аммо

Кимдир сўнди  аллақачонлар.

Сўз жангоҳи, сўз шаҳридир –бу,

Ижод аҳли йиғилган майдон.

Адабиёт минбаридир – бу,

Сўз айтмоққа чорлайди  Дўрмон!

ЖАРДА ЯШАМОҚ БОР

Гар жарга қуласанг, сўрагин нажот,

Ё борсан, ё йўқсан кўкда ҳал бўлур.

Жарда яшамоқ бор,  аммо бу ҳаёт

Жардан чиқмоқ билан мукаммал бўлур.

ИЗТИРОБ

Жилмайганинг нисбий иноят,

Тонсанг ёлғон, тонмасанг шафқат.

Гўзалдирсан сен бениҳоя,

Мен  маънавий қашшоқман фақат.

Мўъжизадир товшу, нигоҳинг

Мўъжизадир юрганинг ерда.

Оламларга сиғмас чиройинг,

Қандай сиғсин достонга, шеърга.

Жонфизо рўй, қўйгин қийнама,

Шон шавкатли подшоҳ эмасман.

Пойингда жон бергум, индамай

Севгим изҳор эта олмасдан.

КАМОН

Юракда урар туғён ўзимни унутганман,

Дунёни унутганман шошаяпман сен томон.

Соғинчнинг  камонидан узилган ёй каби мен,

Йиллар ўтди, аммо мен кетаётирман  ҳамон.

КЕЧИРДИМ

Кун бермай келдилар, кечирдим доим

Кечирдим на гина, на аразим бор.

Кучсиз қилиб қўйма мени Худойим,

Кучсизлар кечирмай бўладилар хор…

МАҚТОВ

Мақтасанг ҳар одам  айтгайдир раҳмат.

Ўзингга ҳам қайтгай шундай  марҳамат.

Мақтов – катта кучдир, кичикка айтсанг

Катта  катта ишни  бажаргай албат.

 МИЛЛАТПАРВАР ДЎСТЛАРИМГА

Бир юртга келарди душман бостириб,

Мард йигитлар қатор тизилди сафга.

Бир бола минолмай отга, ғоз туриб,

Ёрдам кутиб боқди юрти тарафга !

Суяб юбордилар, кишнади йўрға

Бола отга минди, ёвқур, жангга шай !

Кимдир пичинг қилди :- Миндинг-ку зўрға,

Айтгин душманга бас, келасан қандай ?!

Бола мағрур  жавоб қайтарди шу он :

-Ҳа тўғри, миндирди мени бир одам.

Энди душманни ҳеч қўймасман омон,

Туширолмас улар мингта бўлса ҳам!

Бола отга қамчи босди шиддаткор.

Сиз ўша боласиз  навқирон  дўстлар!

Сизнинг елкангизда миллат шаъни бор,

Сизга боқиб турар миллион кўзлар !

Сизга йўлдош бўлсин илму-ирфонлар.

Илмсизлик – буюк душман инсонга !

Илм деб, иймон деб  тиккайсиз жонлар,

Эга бўлмоқ учун жумла жаҳонга !

Сиз ўзбекнинг шаъни, ор, ифтихори !

Сиз – ўзбекнинг кучи,  ўртада юрган.

Марду-майдонларнинг қадим диёри,

Сиз – бу Ўзбекистон, қад кериб турган !

Ватан ҳимояси учун отланган,

Сиз ўша боласиз, ёвқур, паҳлавон.

Сизни отга суяб миндирди Ватан,

Туширмасин ундан, ҳеч ким, ҳеч қачон !

Сизларни яратган Худо ярлақаб,

Кўксимизда турган юлдузсиз сизлар.

Сизнинг кўксингизда турсин  чарақлаб,

Кўкда турган барча олтин юлдузлар!

                МУЛОҲАЗА

Кеча “қўрқоқ” дея қилгандик миннат,

Бош эгиб турдингиз таёғимиздан.

Сизни маломатга қўйган у қисмат,

Бугун тортиб турар оёғимиздан.

Қўрқувнинг хислати жуда кўп экан,

Жонимизни омон сақлаб турибди.

Ўзингни ёмондан холи қўй деган,

Ақида бизларни  асраб юрибди.

Тинмай айланаркан чархи кажрафтор,

Тиғига ўзини урган мард эмас.

Уни айлантирган Парвардигор бор,

Ҳақ ҳукмига аралашмоқ шарт эмас.

Аммо,  Худойимдан илтижоларим,

Ўлсам майли сочга қўнмасдан қиров.

Миллат учун фидо бўлсин жонларим,

Асло, “қўрқоқ” дея айтмасин биров…