Касалликларни даволашни оқ акуладан ўрганиш керак

Фото: zooclub.org.ua

Акулаларнинг ташқи кўриниши миллион йиллар давомида деярли ўзгармаган. Уларнинг организми етарли даражада мураккаб тузилган, интеллекти яхши ривожланган, тишлари тез-тез синишига қарамай, яна ўсиб чиқаверади. Тахминан 100 йиллик ҳаёти давомида акулада тахминан 30 мингта янги тиш пайдо бўлади.

Соатига 40 километргача тезликда ҳаракатлана оладиган оқ акулаларнинг ўзига хос яна бир жиҳати шундаки, улар одамни емайди, қандайдир сабабга кўра тишлаб олса ҳам, луқмани оғзидан чиқариб ташлайди. Афсуски, шундай жонивордан бугунги кунда жаҳонда атиги тахминан 4500 та қолган.

Бутунлай йўқолиб кетиш арафасида турган оқ акулалардан биз инсонлар оғир касалликларга қарши курашишда кўп нарсаларни ўрганишимиз мумкин экан. Мутахассислар, ҳар ҳолда, шундай хулосада. Уларнинг айтишларича, бу жониворлар ҳатто оғир касалликларга ҳам чидамли. Шу боисдан, оқ акулаларнинг ген тузилишини ўрганиш туфайли охири ўлим билан тугайдиган касалликларга қарши курашиш борасида муайян ютуқларга эришиш мумкин.

Оқ акулаларнинг ген тузилиши саратон ва қариш билан боғлиқ касалликлардан ишончли ҳимоя қилинган. Катта оқ акуланинг генетик коди ҳатто энг оғир жароҳатларни ҳам тезда тузатиш қобилиятига эга. Бу борада тадқиқот олиб борган Флорида университетининг Акулаларни тадқиқ этиш маркази доктори Маҳмуд Шивжининг айтишича, оқ акулаларнинг оғир касалликларга чидамли ген тузилишини ўрганиш йўли билан инсоният бундай хасталикларга қарши курашишда ижобий натижаларга эришиши мумкин экан.