“Бош котиб ҳатто қадам босишга ҳам ярамай қолганди”

Александр Чучалин СССР Соғлиқни сақлаш вазирлигининг давлат раҳбарияти (Кремл)га тиббий хизмат кўрсатиш билан шуғулланган 4-Бош бошқармасида 1974-1989 йилларда фаолият кўрсатган.

ТАСС мухбири билан бўлган суҳбатда у Тошкентдаги авиазаводда юз берган ҳодисада Брежнев қандай қутқарилгани, Андроповда буйрак етишмовчилиги америкалик мутахассисларнинг тавсияси билан қандай даволангани, Черненконинг совға қилинган балиқдан заҳарланиши тарихи ва бошқа қизиқарли ҳолатлар ҳақида гапириб берди.

— Александр Григорьевич, айтинг-чи, СССР Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 4-Бош бошқармаси тизимига қандай ишга кириб қолгансиз?

— У пайтда нисбатан ёш эдим. 33 ёшимда докторлик диссертациямни ёқладим. Ўша пайтда мазкур бошқарманинг бошлиғи  Евгений Иванович Чазов, ёрдамчиси эса Владимир Иванович Шахматов деган ажойиб инсон эди.

Докторлик диссертациямни ёқлаганимдан сўнг ишга таклиф этиш хусусида Чазовнинг имзоси қўйилган хатни олдим. Қандай лавозим, вазифаларим ҳақида ҳеч нарса ёзилмаган, Шахматовнинг суҳбатидан ўтишим лозимлиги тушунтирилганди. Ва мен суҳбатдан ўтдим.

Суҳбат жараёнида Шахматов мени Марказий клиник шифохонанинг хорижликларга хизмат кўрсатиш бўлими мудирлигига тайинлашмоқчи бўлиб турганликларини, лекин Чазов билан маслаҳатлашиб, энди бошқача иш тутишларини айтиб қолди. Бу бўлимга Совет Иттифоқи билан дўстона муносабатда бўлган хорижий давлатларнинг ҳукумат вакиллари диагностика ва даволаниш учун келиб тураркан.

Мен ҳаётимни 2-Москва давлат тиббиёт институти билан боғлаган эдим. Институт ректори Юрий Михайлович Лопухин билан билан Шахматов мен тўғримда гаплашган. Лопухин ва Чазовнинг маслаҳатлашувига кўра мени 4–бошқармага консультант қилиб ишга олишди.

— Совет газеталарининг 1980-йиллардаги тахламларига қарасангиз, у ёки бу давлат раҳбарига берилган таъзия хабарлари, уларнинг остида эса консилиумга аъзо шифокорларнинг ўлим ҳақидаги хулосаларига кўз тушади. Улар орасида Леонид Брежнев, Арвид Пельше, Юрий Андропов, Дмитрий Устинов, Константин Черненколарни учратиш мумкин…

— Консилиумлар кўпроқ Чазовнинг саъй-ҳаракатлари билан тузилган, у одамлар билан ишлашни биладиган ва сабрли инсон эди.  Улар турли сабабларга кўра тузилган бўлса-да, асосий зарурат у ёки бу давлат раҳбарининг оғир касаллиги туфайли шундай қилинар эди. Бу борада ўзим билан боғлиқ бир қанча мисолларни айтиб ўтаман.

Леонид Брежнев. 1982 йилнинг мартида, вафотидан бир йил илгари Леонид Ильич унинг учун охири фоижиали тугашига бир баҳя қолган Тошкентга сафар қилган эди. Ташрифдан икки мақсад кўзланган эди. Биринчиси, республикага Ленин орденини топшириш бўлса, иккинчиси авиация заводининг юбилейида иштирок этиш эди. Шундай қилиб, Брежнев авиация заводига келди. Цехларни айланди, ўнг ва сўл тарафлар ёпиқ эди. Ишчилар ташрифдан хурсанд, шодлангача Леонид Иличга қўл силташарди. Бир маҳал юқорида тўпланганларнинг оғирлигига дош беролмаган тўсинга дарз кетиб, йирик бетон парчаси Брежневнинг ўнг елкасига келиб тушди. Натижада Бош котибнинг ўмров суяги, бешта қовурғаси синган, жигарга қон қуйилиши юз берган. Бундай пайтда беморга оғриқ қолдирувчи дорилар берилади. Шундай қилдик. У ҳушига келди. Қаердалиги билан қизиқди, кейин, бу ерга нима учун келганини эслади.

Кечқурун Халқлар дўстлиги саройида бўладиган тадбирда республикага орденни топшириши керак эди.

— Биз саройга боришимиз керак, — деди у.

— Леонид Ильич, нималар деяпсиз, шу аҳволда-я! — дейишди атрофдагилар.

— Айтдим-ку, биз борамиз, республикани Ленин ордени билан тақдирлашимиз керак.

Саройда шундай саҳна бўлди: парда очилди, Брежнев турибди,  нутқини бошлаши билан яна парда ёпилди.

Нега бундай бўлди? Бунинг сабабли оддий: оғриқ қолдирувчи дорининг таъсири кетган, яна кучли оғриқ, ҳушдан кетиш бошланган эди, у йиқилиб ўзини-ўзи эплай олмай қолди. Эртаси куни шошилинч равишда уни Москвага олиб келдик.

Бизнинг саъй-ҳаракатларимиз билан Брежнев буткул соғайиб кетди. Тошкентда орттириб олган жароҳатининг асорати эса уни ҳаётдан олиб кетди. 1982 йилнинг ноябрида Брежнев уйқу вақтида жон берди.

Юрий Андропов. 1983 йилнинг ёзида Андроповнинг соғлиги кескин ёмонлашди. Ўткир буйрак етишмовчилиги уни оғир аҳволга солиб қўйганди. Айни ўша йили ГФР канцлери Ҳелмут Кол биринчи расмий ташрифи билан Москвага келган, уни қабул қилиши керак бўлган Андропов эса оғир хасталик туфайли икки қадам ҳам боса олмасди. Немис томонига Бош котиб шамоллаб қолганини, шу боисдан канцлерни қабул қила олмаслигини, учрашув эртаси куни бўлиб ўтиши мумкинлигини билдиришга мажбур бўлдик. Шундай бўлди ҳам. Уларнинг учрашуви 1983 йил 5 декабрда бўлиб ўтди. Андроповнинг калласига қойил қолганман. Мен бундай хотирага эга инсонни бошқа учратмадим. У ҳар куни жуда кўп ўқирди: саҳифалар сони 600 дан ошиб кетарди. Китобни тугатгач, ўқиганларини айтар ва хотирасига муҳрлаб қўярди. Андропов жуда катта ақлий салоҳият соҳиби эди.

Константин Черненко. Константин Устинович Брежневга жуда яқин одам эди. Билишимча, Брежнев Молдавияда раҳбарлик қилганида улар бирга ишлашган ва яхши муносабат ўрнатишган. Брежнев унга худди ўзига ишонгандек ишонган.

Черненконинг ўпкасида нуқсон бўлган. У аслида ҳаракатчан ва жуда ишчан инсон эди. Хаста ўпкалар организмнинг кислородга бўлган талабини қондиришга ожиз эди. Яхши нафас ололмагани учун у уйқуга кеч ётар, эрталаб ишга соат 10 да келиб кечқурунги 22 да уйга қайтарди. Шу ўринда таъкидлаб ўтиш керакки, бизнинг барча раҳбарларга айниқса, Андроповга Сталиндан алламаҳалгача кабинетда ишлаш мерос бўлиб қолган эди. Черненко ҳам уйга албатта, кеч, ҳориган ва эзилган ҳолда қайтарди.

Мен Черненкони қандай даволаш, унга қандай ёрдам бериш ҳақида жиддий шуғулландим. Мен бунда ўша вақт тиббиётининг имкониятларини назарда тутаяпман. Ҳозир эса буткул ривожланиб кетган. Биз Бош котибни фазо учувчиларига қўлланиладиган кислород терапияси билан даволаганмиз. Бу концентратор кислород машинаси эди. Мазкур усул ҳақиқатан ҳам беморнинг нафас олишини енгиллаштиради, жисмоний ҳолати эса фаоллашади. Черненкони ушбу аппаратдан, айниқса кечқурун фойдаланишга кўндирганимиздан сўнг у яхши ухлай бошлади. Шундай сўнг у мени ёқтириб қолди.

— 1983 йилда Қримда Черненко СССР Ички ишлар вазири Виталий Федорчук келтирган балиқдан заҳарлангани ҳам ёдингиздадир.

— Шундай муаммо бўлганди, у ҳақиқатан заҳарланган. Жуда оғир аҳволга тушган ўшанда. Балиқдан заҳарланиб, ҳушини йўқотган, соғлиги кескин ёмонлашганди. Уни Москвага олиб келишди ва даволанди. Бу ҳолат у аранг қутулган.

— Заҳарланишдан сўнг консилиум ўтказилган, менга маълум бўлишича, унинг якунига кўра Чазов Сиёсий бюрога Черненко ногирон бўлиб қолгани ва ишга буткул яроқсизлиги ҳақида хулоса тақдим этган экан. Айтинг-чи, аслида нима бўлган?

— Биласизми, мен бу консилиумда қатнашмаганман, мен кейинги жараёнга жалб этилганман. Бироф шуни яхши биламанки, Сиёсий бюро аъзолари соғлиқ ҳақида буткул саводсиз эдилар. Мисол учун, Чернобил ҳалокати юз берганда унинг оқибатлари хусусида ҳеч кимда тушунча бўлмаган. Ким билсин, балки бу жуда кўпнинг ҳаёти билан боғлиқ қалтис ҳазил бўлгандир.

Чазовнинг услуби шунақа эди – у соғлиқ ҳолати ҳақида фақат бир кишига – биринчи раҳбарга ҳисобот берарди. Тартиб шунақа бўлган. Қолаверса, бизнинг этик кодексга кўра, давлат раҳбарларининг саломатлиги хусусида бировга оғиз очмаслигимиз лозим эди.

… Андропов-Черненко муносабатларида зиддият бўлганми, йўқми, буни сезмганман, ҳатто бу ҳақда ўйлаб ҳам кўрмаганман. Андропов ҳақида нима дейишим мумкин? У партиянинг янги новдаларини изчил излаган. Николай Рижков ва Михаил Горбачевга кўпроқ умид боғлаган. Шу боисдан, ўлимидан бир неча кун илгари иккаласини ҳузурига чақириб, суҳбатлашган.

МК ва Сиёсий Бюро йиғилишларида Андропов бир неча марта шифокорларга қўнғироқ қилганини, лекин бирон марта Черненконинг фамилиясини тилга олганини эслай олмайман. Улар иккаласи ҳам оғир касал эди. Андропов буйрак етишмовчилигидан азият чекса, Черненкога нафас йўллари хасталиги азоб берарди.

Черненко бундай йиғилишларда баъзида иштирок этмаганига сабаб – унда кислород етишмовчилиги эди. У кабинетидаги кислород машинасини бошқалар кўришини истамасди. Ҳаётининг сўнгги ойларида у ҳатто, бир-икки қадам босишга ҳам ярамай қолганди…