Тошкентда замонавий клиника иш бошлади

Фото: шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати

Мамлакатимизда тиббиёт соҳасига, хусусан, хусусий тиббиётни ривожлантиришга катта эътибор қаратилаяпти. Бу борада амалга оширилаётган чора-тадбирлар натижасида юртимизда замонавий хусусий тиббиёт муассасалари сони кўпайиб, аҳолига сифатли тиббий хизмат кўрсатиш имконияти кенгаймоқда. Тошкент шаҳрида ўз фаолиятини бошлаган “Intermed innovation” тиббий диагностика марказини ҳам соҳага қаратилаётган эътиборнинг меваси дейиш мумкин.

Пойтахтимизнинг инвестиция муҳитини яхшилаш лойиҳаси доирасида Тошкент шаҳар ҳокимлигининг қўллаб-қувватлаши ва ҳамкорлиги асосида бунёд этилиб фойдаланишга топширилган ушбу тиббиёт муассасига тадбиркор томонидан қарийб 16 млрд сўм инвестиция киритилди. Марказни энг замонавий тиббиёт жиҳозлари, диагностика ва даволаш асбоб-ускуналари билан таъминлаш учун 700 минг АҚШ доллари сарфланган. Бу ерда бир кунда 500-600 та таҳлилни амалган ошириш имконияти яратилди.

Тиббиёт маркази мутасаддисининг таъкидлашича, марказда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, жумладан, болалар ва ногиронлиги бўлган шахслар учун имтиёзли тарифлар жорий этилади. Шунингдек, доимий равишда турли ижтимоий акциялар ўтказиб туриш режалаштирилган.