УЧАР АВТОМОБИЛЛАР ДАВРИ ЯҚИНЛАШМОҚДА

2025 йилгача ҳавода учадиган автомобилларни ишлаб чиқарувчи компаниялар сони камида 15 тани ташкил этиши тахмин қилинмоқда. Ҳа, миллий автосаноатимиз ерда юрадиган автомобиллар ишлаб чиқаришни тузукроқ эплай олмаётган ҳозирги кунларда бошқа давлатларнинг автомобил компаниялари ҳавода учадиган автомобилларни ялпи ишлаб чиқариш билан боғлиқ чора-тадбирларни амалга оширишни бошлаб юборганлар. Охирги тўрт йил ичида дунёдаги 8 та компания учар автомобил нусхаларини яратиш, такомиллаштириш устида тинимсиз иш олиб бормоқда. Жумладан, “Uber” компанияси 2025-2035 йиллар давомида бу турдаги техникаларни ялпи ишлаб чиқариш лойиҳаси учун 400 млн дан 1 млрд долларгача инвестиция киритишни режалаштирган.

Бу борада муваффақиятли иш олиб бораётганлардан яна бири  яқинда Хитойнинг “Geely” ширкати сотиб олган АҚШнинг “Terrafugia” компаниясидир. У 2013 йилда бозорда тақдим этадиган TF-X учар автомобили 600 от кучига эга бўлган кучли электромотор билан жиҳозланган ва ҳаводаги тезлиги соатига 320 км ни ташкил этади.

“Frost & Sullivan” консалтинг компанияси мутахассисларининг айтишича, 2025 йилга бориб учар автомобилдан фойдаланиш одатий ҳолга айланади. Ишлаб чиқарувчиларнинг саъй-ҳаракати ҳам шу масалага қаратилган ва улар бу борада мустақил равишда изланмоқдалар. Масалан, “Google” асосчиларидан бири Ларри Пейж учар автомобил яратиш учун 100 млн доллар инвестиция киритган. АҚШ Мудофаа вазирлигининг истиқболли лойиҳалар бошқармаси ҳам мазкур йўналишда иш олиб бораётган муҳандислик компанияларини қизғин қўллаб-қувватлаяпти.

«PAL-V» компаниясининг учар автомобили. Фото:robo-hunter.com

Бу борада европаликлар ҳам Америкадан ортда қолишни истамаяпти. Масалан, Голландиянинг ”PAL-V” компанияси яқинда ҳам ерда, ҳам ҳавода ҳаракатланиши мумкин бўлган ўзининг илк учувчи транспортини намойиш этди. Жорий йилнинг ўзидаёқ  бу автомобилнинг премиум-модел тоифасига мансуб “Liberty Pioneer”, кейинчалик эса “Liberty Sport” моделларини ишлаб чиқаришга киришилади. Тўғри, ҳозирги нархлар ҳаммага ҳам бундай автомобилни харид қилиш имконини бермайди. Чунки, Шимолий Америка бозорида бундай трансформер автомобилларнинг баҳоси 400-600 минг доллар атрофида бўлиши кутилаяпти. Голланд компанияси эса 2020-2021 йиллар давомида нархи 60-100 минг доллар бўлган учар автомобилларни ишлаб чиқаришни режалаштирган.